Тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар учун моддий ва ҳуқуқий кафолатлар кенгайтирилади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов қонун инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жиноят-ижроия тизимини янада такомиллаштириш ҳамда пробация институтининг самарадорлигини оширишга қаратилганини таъкидлади.
Қонун билан Жиноят кодексига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат кучайтирилиб, уларнинг ваколатли органларга вақти-вақти билан келиб рўйхатдан ўтиб туриш мажбурияти белгиланмоқда.

Судга шартли озод қилинган шахс зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш масаласини кўриб чиқишда адвокат ёки шахснинг ўзи илтимоснома киритиши учун имконият яратилмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиришлар орқали шартли озод қилишни бекор қилиш тартиби аниқлаштирилиб, ушбу масалаларни кўриб чиқиш маҳкум истиқомат жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди судьяси томонидан ҳал қилиниши назарда тутилмоқда.
Жиноят-ижроия кодекси янги боб билан тўлдирилиб, шартли озод қилинган шахслар устидан назоратнинг ҳуқуқий механизмлари, уларнинг мажбуриятлари ва назоратни тугатиш тартиби белгиланмоқда.

“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга тергов ҳибсхоналарида ушлаб турилган шахслар дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари камида икки соат сайр қилиши ҳамда қўшимча тарзда кийим-бош ҳамда пойабзал олиши белгиланмоқда. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш учун уларга белгиланган пул миқдорини меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваригача оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шахсларни тўғри йўлга қайтариш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА