Нигерияда кетма-кет қотиллик содир этилди
Шанба оқшомидан якшанба тонгигача Нигериянинг Плато штатига қарашли Баркин-Лади, Риом ва яна бир неча қўшни ҳудудда юз берган қатор ҳужумлар оқибатида камида тўққиз киши ҳаётдан кўз юмди. Ҳозир минтақада вазият жуда кескинлашган.
Маълумотга кўра, Гана-Ропп йўналишида кетаётган мардикор йўловчилардан беш нафари пистирмага дуч келган ва ҳалок бўлган. Ушбу фактни Мвагхавул ривожланиш ассоциацияси президенти Булус Дабит ва маҳаллий ёшлар етакчиси Укаша Гараба тасдиқлаб, хавфсизлик кучларини айбдорларни тезда топиш ҳамда аҳоли ҳимоясини кучайтиришга чақирди.
Шунингдек, Дорова-Бабужеда черковга кетаётган икки инсон, жумладан бир пастор отиб ўлдирилган. Бундан ташқари Риом тумани Батен-Веренг қишлоғида бир аёл, Фан округидаги Ратийидида эса яна бир фуқаро ўлдириб кетилган. Бером ёшлари ташкилоти вакили Рванг Тенгвонг қотилликларни кескин қоралаб, ҳуқуқ-тартибот идораларидан фаолроқ ҳаракат қилиш ва бегуноҳ аҳоли хавфсизлигини таъминлашни сўради.
Якшанбага ўтар кечаси соат 3:00 атрофида Дорова-Маранба ва Кантома ҳудудларида номаълум шахслар томонидан чорва молларига ҳужум қилиниб, бир неча қорамол нобуд қилинган ёки ўғирлаб кетилган. “Miyetti Allah” чорвадорлар ассоциацияси котиби Гамбо Абубакар ҳодисани тасдиқлади ва тегишли идораларни ҳолатни синчковлик билан ўрганиб, минтақада барқарорлик ўрнатишга чақирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА