Анқарада Республика куни: тарих, ғурур ва байрам шукуҳи
Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Республика куни (Cumhuriyet Bayramı) кенг нишонланмоқда. Жорий йилда Туркия Республикаси эълон қилинганига 103 йил тўлди. Ушбу тарихий сана муносабати билан шаҳар кўчалари, хиёбонлар ва майдонлар байрамона безатилиб, пойтахт ўзгача қиёфа касб этган.
Анқаранинг замонавий меъморий иншоотлари, маҳобатли бинолари, кенг ва равон кўчалари байрам шукуҳи билан янада кўркам тус олган. Туркиянинг давлат байроқлари билан безатилган хиёбонлар, тарихий обидалар ва гавжум масканлар шаҳарда ҳукм сураётган кўтаринки кайфиятни яққол намоён этмоқда.
1923 йил 29 октябрда Туркия Республикаси эълон қилинган. Мамлакат тарихида муҳим ўрин тутган ушбу сана бугун ҳам миллий ғурур, бирдамлик ва мустақиллик рамзи сифатида эъзозланади.
Байрамнинг энг таъсирли манзаралари эса шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг қувончли чеҳраларида акс этмоқда. Турли авлод вакилларининг кўтаринки кайфияти, кўчалардаги гавжумлик ва тантанали муҳит Анқара ҳаётига алоҳида файз бағишламоқда.
[gallery-32267]
Бугунги Анқара манзараларида тарихий мерос ва замонавий тараққиёт уйғунлиги кўзга ташланади. Пойтахтнинг диққатга сазовор масканлари, обод кўчалари ва байрамона муҳити Туркия Республикасининг 103 йиллик тарихини ўзида мужассам этган ўзига хос манзарани намоён қилмоқда.
Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА