Непалда яна сел: уйлар, кўприклар оқди
Непалнинг марказий қисмида юз берган кучли сел уй ва кўприклар, гидроэлектр станцияси инфратузилмасига зарар етказди. Ҳарбийлар 49 кишини хавфли ҳудуддан олиб чиққан, беш кишининг тақдири номаълум.
Дастлабки тахминга кўра, Гурха туманидаги Будхи-Гандаки дарёси юқори оқимида кўчки содир бўлиб, сел ҳосил бўлган. 4 кўприк, қарийб 20 та уйни сув оқизиб кетган. Қурилаётган сув-энергетика иншооти ҳудудидаги ишчилар қўналғаси вайронага айланган. Маҳаллий ҳокимият йўқолганларни қидиришни давом эттиряпти.
Непал ҳамон икки ой аввал Тибет билан чегарадош ҳудудда юз берган ҳалокатли сел ва кўчки оқибатини бартараф этиш билан банд. Ўшанда минглаб уй бузилган, муҳим энергетика инфратузилмаси ишдан чиққан, кўплаб одам ҳалок бўлган ёки бедарак кетган.
Мусулмон Зиё, ЎзА