Фаластинда сайлов яна қолдирилди
Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос парламент сайлови 2027 йил 11 сентябрга кўчирилгани, шу куни президентлик сайлови ҳам ўтказилишини эълон қилди. Демак, қарийб 20 йилдан бери ўтказилмаётган умуммиллий сайлов яна ортга сурилган.
Аббос ушбу қарорни Исроил чеклови, Ғарбий соҳилдаги зўравонлик ва Ғазодаги оғир хавфсизлик ҳамда гуманитар вазият билан изоҳлаган. Унинг таъкидлашича, эркин ва адолатли сайлов учун муносиб сиёсий ва хавфсизлик шароити зарур. Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эса бу чорани инкор этиб, Аббосни масъулиятдан қочишда айблади.
Фаластинда парламент сайлови охирги марта 2006 йил, президентлик сайлови эса 2005 йил ўтказилган. 2007 йил ҲАМАС Ғазо назоратини қўлга олгач, Маҳмуд Аббос ҳудудни фармонлар орқали бошқариб келяпти – унинг ваколати 2009 йил тугаган. Сайловни кечиктириш қарори фаластинлик сиёсий кучлар билан маслаҳатлашувдан кейин қабул қилинган.
Дарвоқе, Франция сайлов ўтказилиши муҳим деб ҳисоблашини билдирган.
Мусулмон Зиё, ЎзА