Наврўзнинг оламшумул анъаналари
Наврўз шунчаки тақвимдаги алоҳида сана эмас, балки табиат уйғониши, қалб тозалигини намоён этувчи, Шарқ халқларининг кўп асрлик маданиятини ўзида мужассамлаштирган улуғ айёмдир. Ҳар бир мамлакатда ўзига хос рангин маросимлар билан бойитилган бу байрам замирида бир хил эзгу ғоя – янгиланиш ва ҳамжиҳатлик яширин. Ўзбекистонда Наврўз келиши билан маҳаллаларда “ҳашар” бошланиб, кўча ва боғлар ободонлаштирилади. Машҳур таом – сумалак атрофида кечаси билан қўшиқ айтилиб, тилак билдирилади, қозон ковланади.

Воҳа ва қишлоқларда алп йигитлар улоқ-кўпкари, кураш мусобақалари ўтказади. Бу қадриятлар Наврўзнинг инсонларни бир-бирига яқинлаштирувчи, жамиятдаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи хусусияти инъикосидир.

Эрон
Эронда Наврўз янги йилнинг бошланиши сифатида ниҳоятда баланд руҳда нишонланади. Хонадонларда безатилиши шарт ҳисобланган “Ҳафт син” дастурхонида номи “Син” ҳарфи билан бошланувчи етти хил неъмат ҳозирланади. Ҳар бир егуликнинг рамзи бор: олма – гўзаллик ва муҳаббат, саримсоқ — саломатлик, каду – фаровонлик ва ҳоказо. Шунингдек, тирик балиқ солинган идиш ва муқаддас Китоб эронликларнинг маънавий илдизларга садоқатини кўрсатади. Хуллас, Наврўз оилавий бирдамлик ва ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлайди.

Озарбайжон
Озарбайжонда Наврўз тўрт муқаддас чоршанба – сув, олов, бод (шамол) ва тупроқ билан уйғун нишонланади. Энг машҳур анъаналардан бири – гулхан ёқиб, олов устидан сакраш. Одамлар бор ғам ўтда куйсин, дея алангадан етти марта ўтади. Дастурхон ўртасидан ер рамзи саналган Семни – кўкартирилган буғдой ва қуёш шаклидаги пахлава жой олади. Бу маросим табиат ва инсон ҳаёти ўртасидаги узвий боғлиқликни акс эттиради.

Қозоғистон ва Қирғизистон
Қозоқ ва қирғиз халқлари учун Наврўз – ризқ ва тўқчилик айёми. Шу куни атай тайёрланадиган “Наврўз кўже” етти хил маҳсулотдан иборат бўлиб, келаётган йил оилавий даромад ва барака келтиришини таъминлайди, деб ишонилади. От устида бажариладиган миллий ўйинлар – “Қиз қуу” ва “Айтис” (бахшилар беллашуви) байрамга ўзгача файз, завқ бағишлаши баробарида ёш авлодни миллий маданият ва анъаналар билан боғлайди.

Афғонистон
Афғонистон Наврўзи Мозори Шарифда, Жаҳанда боло – Байроқ кўтариш маросими билан бошланади. Баҳорнинг илк гуллари шарафига Гули-Сурх – қизил лола сайли ўтказилади. Афғонлар дастурхонида етти хил қуруқ мева ва ёнғоқ қўшиладиган ширин ичимлик — Ҳафт мева бўлиши шарт. Бу маросим аҳолини саломатлик, фаровонлик ва омадга етаклайди.
Наврўз – тил ва макон чегарасини билмайдиган байрам сифатида Шарқ халқларини табиатга муҳаббат, тинчлик ва келажакка умид ғояси остида бирлаштиради. Ҳар бир мамлакатнинг ўз анъаналари бўлса-да, баҳор таровати, янги ҳаёт бошланиши ҳамма учун муштарак қувонч. Бинобарин, Наврўз шунчаки маданий мерос эмас, балки инсон қалби янгиланишини, аҳиллик ва меҳр-оқибатни тарғиб қилувчи улуғ маросимдир. Шу боис нафақат Шарқда, балки бутун дунёда қадрланади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА