Навоийда “Йил ўқитувчиси” танловининг вилоят босқичи якунланди
Навоий шаҳрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи – вилоят босқичи якунланди.
Тадбир аввалида юртимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, педагог касбининг нуфузини юксалтириш ҳамда малакали ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди. Бу борада ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва таълим сифатига хизмат қиладиган самарали механизмларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Танловнинг мазкур босқичда вилоятнинг 11 та шаҳар ва туманидан саралаб олинган 22 нафар иқтидорли педагог иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратларини намоён этдилар. Иштирокчилар 100 баллик баҳолаш тизими асосида икки йўналиш бўйича синовдан ўтказилди.
Биринчи йўналиш — маънавий-маърифий фаолият бўйича педагогларнинг шахсий ривожланиши, ўз устида ишлаши, тарбиявий ишлари, синфдан ташқари фаолияти ҳамда ташаббуслари акс этган тақдимотлари 20 баллик мезон асосида баҳоланди.

Иккинчи босқичда эса иштирокчилар китобхонлик бўйича тест синовида ўз билимларини намоён этдилар. Тасдиқланган адабиётлар асосида тайёрланган 40 та тест саволига жавоб берилди. Ҳар бир тўғри жавоб 2 балл билан баҳоланиб, жами 80 балл тўплаш имконияти яратилди.

– Танловда қирқта саволдан ўттиз иккита тўғри жавоб топиб, умумий натижа саксон икки балл билан биринчи ўринни қўлга киритдим, – дейди Нурота туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабининг тарбия фани ўқитувчиси Феруз Қуролбоев. – Бу танлов биз, педагоглар учун жуда ҳам катта бир имконият. Ўтказилган барча босқичларда биринчи ўринни қўлга киритиб келдим. Бунда ота-онамнинг, яқинларимнинг қўллаб-қувватлашлари, билимим ва ўз устимда тинимсиз иш олиб бораётганим ўз натижасини берди, деб ўйлайман.
Танлов нафақат энг муносиб педагогларни аниқлаш, балки уларнинг касбий маҳоратини янада ошириш, таълим тизимига илғор тажрибаларни кенг жорий этиш ва ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.


Ғолибларга Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари миқдоридаги пул мукофоти топширилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири