Наврўз таровати дилларга шодлик улашмоқда
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида умумхалқ Наврўз байрами “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган бош ғоя асосида кўтаринки руҳда ўтказилди. Дамариқ маҳалласидаги марказий ўйингоҳда уюштирилган сайлда маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва ёшлар томонидан турли соҳаларга оид байрам кўргазмалари ва спорт чиқишлари намойиш этилди.
Чортоқ тумани ҳокими Илҳомжон Сатторов бошчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари байрам кўргазмалари ва бадиий дастурлар билан танишди. Тинчлик, Ватан ва баҳорни мадҳ этувчи дилрабо куй-қўшиқлар янгради. Туман маданият бўлими хонандалари, умумтаълим мактаблари ва болалар боғчалари ҳамда 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг ажойиб чиқишлари эса барчага кўтаринки кайфият улашди.

Тўрақўрғондаги Исҳоқхон Ибрат номидаги мажмуада нуронийлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар вакиллари, ташкилот ва муассасалар жамоалари жам бўлди. Кўргазмаларда эришилаётган ютуқлар акс этди, баҳор таомлари намойиш этилди, куйлар рақсларга уланди, спортчи ва ёш ҳарбийларнинг чиқишлари ўзгача кўтаринкилик улашди.
Байрам кунларидаги хайрли ишларда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойилининг амалдаги ифодаси яққол кўзга ташланди. Бинобарин, Наврўз ўзининг қадимийлиги, табиатимизга уйғунлиги ва гўзаллиги, маъно-мазмунининг теранлиги билан бошқалардан ажралиб туради.

Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлиги бор, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, Ватанимизни янада обод қилишдек улуғвор ишлар диққатга молик.
Биргина Тўрақўрғон тумани мисолида оладиган бўлсак, жорий йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ажратилаётган маблағ 223,4 миллиард сўмни ташкил этади. Бу янги иш ўринлари, ободлик ва бунёдкорликка замин яратади. Тадбирда хушовоз хонандаларнинг гўзаллик, тинчлик ва фаровонликни тараннум этувчи чиқишлари даврага файз киритди.

Уйчи тумани марказидаги “Мустақиллик боғи”да байрамга бағишланган тадбир миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида акс эттирди. Алоҳида эътироф этилганидек, Наврўз яшнаш, яшариш байрами, табиатнинг уйғониши билан боғлиқ янги куннинг бошланишидир. Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби уйчиликлар дилида наврўзий кайфият ҳукмрон, байрам шукуҳи нигоҳларда уфуриб турибди. Байрам шодиёнаси кенг миқёсда нишонланиб, сайлда миллий рақслар, баҳорий куй-қўшиқлар куйланди. Халқ ўйинлари, спорт мусобақалари, сумалак сайли, бадиий саҳна кўринишлари, айтилган шеърлар барчага ажиб хушкайфият ва табассум улашди.
Наврўз тантанасида “Бўстон”, “Тепасарой”, “Қувурбоши” ва “Кесканёр” маҳалла фуқаролар йиғинларига 50 миллион сўмлик, “еттилик” жамоасига 10 миллион сўмлик, Наврўз сайлини ўтказишдаги фаоллиги учун туман маданият бўлимига 50 миллион сўмлик ваучерлар, коммунал соҳа ходимларидан бир гуруҳига туман ҳокимининг ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Эл суйган санъаткорлар, эстрада хонандалари ҳамда туман маданият бўлими ёш ижрочилари иштирокида янграган хонишлар йиғилганларга қувонч бағишлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.