Навоийда 15,5 миллиард сўмлик тендер нега жарима билан якунланди?
Тендерда ғолибни аниқлаш жараёни қанчалик шаффоф ўтди? Рақобат учун яратилган шартлар барча иштирокчиларга бирдек татбиқ этилдими?
Бу саволлар “Навоий сув таъминоти” АЖ буюртмачилигида ўтказилган 15,5 миллиард сўмлик тендер бўйича ўтказилган ўрганишларда кун тартибига чиқди.
Тадбиркорлик субъектининг мурожаати асосида Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида тендер жараёнида “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилмагани аниқланди.
Ҳолат юзасидан Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилиб, уни кўриб чиқиш якунига кўра “Навоий сув таъминоти” АЖга нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА