Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий давлат университети Табиий фанлар ва тиббиёт факультети ҳамда “Навоийазот” АЖ ҳамкорлигида дуал таълим тизими ташкил этилиб, корхона негизида кафедра филиали очилди.
Мазкур ҳамкорлик талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишига кенг имконият яратади.

Дуал таълим тизими орқали талабалар университетда олган билимларини бевосита корхона шароитида мустаҳкамлаб, замонавий технологиялар, ишлаб чиқариш жараёнлари ва соҳа мутахассисларининг иш тажрибасини ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Кафедра филиалининг очилиши эса таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим қадам бўлди.
***
Хатирчи туманида ижтимоий ходимларни янги ижтимоий хизматларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқароларга мос хизмат турларини тўғри белгилаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўрганиш ва танишув учрашувлари ташкил этилди.

Учрашувлар давомида ижтимоий ходимлар “Эрта аралашув”, “Кундузги парвариш” ва “Янги кун” ижтимоий хизматлари фаолияти, уларнинг асосий вазифалари, хизмат кўрсатиш тартиби ҳамда ушбу хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлган фуқаролар тоифалари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, фуқароларнинг индивидуал эҳтиёжларини аниқлаш, уларнинг ҳолатидан келиб чиқиб тегишли ижтимоий хизматларга йўналтириш ҳамда манзилли қўллаб-қувватлашни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
***
Навоий шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда Кармана туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди ҳамкорлигида тадбир ўтказилди.

Тадбирда 16 та оила билан алоҳида суҳбат, тушунтириш ва яраштириш ишлари олиб борилди. Натижада 6 та оила яраштирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири