Амалга оширилаётган ислоҳотлар депутат назоратида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Беҳзод Тўхтамуродов Навоий вилоятида бўлиб, партия Навоий вилояти Кенгаши раиси Мансуржон Хамидов билан биргаликда ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини ўрганди.
Дастлаб, депутат Конимех туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, муассаса раҳбари Бахтиёр Имомқулов билан учрашди.

Учрашувда 38 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган муассасанинг фаолияти, 600 нафардан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, 123 нафар олий тоифали шифокор меҳнати ҳамда олис чўл ҳудудларида тиббий хизмат сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, чекка ҳудудларда аҳолига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш, транспорт таъминоти ва аввал кўтарилган муаммолардан бири – муассасани “Volkswagen” русумли хизмат автомобили билан таъминлаш масаласи атрофлича ўрганилди.
Депутат томонидан тиббий хизмат қамрови ва сифатини ошириш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш ҳамда фуқаролар розилигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Навбаҳор туманидаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда эса куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
Бугунги кунда 460 ўринга мўлжалланган мазкур таълим муассасасида 360 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабда спорт зали, компьютер хонаси ва 17 та электрон доска мавжуд бўлиб, улар интернет тармоғига уланган. 2024 йилда “Очиқ бюджет” лойиҳаси орқали мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эришилган. Давлат-хусусий шериклик асосида иситиш тизими таъмирланган, кўмир захираси шакллантирилган. Шунингдек, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Ўрганиш давомида иситиш қозонхонаси ва мавжуд иссиқлик тизимининг ҳолати, уларнинг мавсумга тайёрлиги ҳамда синовдан ўтказилганлиги кўздан кечирилди. Мактаб ҳудудида “Очиқ бюджет” лойиҳаси доирасида қарийб 600 миллион сўм маблағ ҳисобидан спорт майдони қурилиб, атрофидаги югуриш йўлакчалари бунёд этилган.
Келгуси йилда мактаб учун қўшимча бино қуриш масаласи юзасидан мавжуд эски бинонинг ҳолати ўрганилиб, таълим муассасаси инфратузилмасини янада яхшилаш, ўқувчилар учун қулай шароитлар яратиш ва таълим сифатини оширишга қаратилган таклифлар билдирилди.
Билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, тегишли республика ташкилотларига тақдим этиш белгиланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири