Кичик томорқа — катта даромад манбаи
Гулистон туманининг чекка ҳудудида истиқомат қилувчи Тўраевлар оиласи бу ҳақиқатни ўз меҳнати ва эришган натижалари билан амалда исботлаб келмоқда. Уларнинг 8 сотихли иссиқхонаси бугун нафақат оила даромадининг асосий манбаи, балки маҳаллий бозорлар тўкинлигига ҳам муносиб ҳисса қўшаётир.
Томорқада ер бирор кун ҳам бўш қолмайди. Бу ерда йил давомида узлуксиз меҳнат жараёни йўлга қўйилган бўлиб, бир йилда уч маротаба ҳосил олиш имконияти яратилган. Ҳозирги кунда иссиқхонада булғор қалампирининг “Жава” нави парвариш қилинмоқда. Шу билан бирга, мавсумлараро бўш қолган майдонлардан унумли фойдаланилиб, помидор кўчатлари етиштирилмоқда.

– Биз учун ҳар бир қарич ер — барака манбаи. Уни қадрласангиз, меҳнатингиз, албатта, ўз самарасини беради, – дейди хонадон эгаси Абдуллаким Тўраев. – Иссиқхонани ташкил этиш осон бўлмади. Лекин меҳнатдан қочмадик. Томчилатиб суғориш тизимини жорий этгач, ишимиз анча енгиллашди, сув тежалмоқда ва ҳосилдорлик ошди.

Дарҳақиқат, замонавий агротехнологияларни жорий этиш бугунги кунда юқори самарадорликка эришишнинг муҳим омили ҳисобланади. Тўраевлар оиласи ҳам ушбу имкониятдан самарали фойдаланиб, томчилатиб суғориш тизимини тўлиқ жорий этган. Бу эса меҳнат унумдорлигини ошириш, ресурсларни тежаш ва маҳсулот сифати барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, хонадонда барча ишлар оилавий меҳнат асосида, ўзаро ҳамжиҳатлик ва масъулият билан ташкил этилган. Ҳар бир мавсум учун аниқ режа ишлаб чиқилган: ёз ва куз мавсумида асосий экинлар етиштирилса, қиш мавсумида ҳам даромад узилмаслиги учун кўкатлар ва редиска етиштириш йўлга қўйилган.

– Бозор талабини доимий ўрганиб борамиз. Қайси маҳсулотга эҳтиёж юқори бўлса, шунга қараб экин танлаймиз. Қиш мавсумида ҳам даромад қилиш мумкин, фақат меҳнат ва аниқ режа бўлса кифоя, – дейди хонадон эгасининг ўғли Аброр Тўраев.


Ана шундай оқилона ёндашув, тинимсиз меҳнат ва замонавий технологияларни уйғун қўллаш натижасида Тўраевлар оиласи йилига ўртача томорқасидан 80 миллион сўмгача даромад топмоқда. Етиштирилган маҳсулотлар маҳаллий бозорларда харидоргир бўлиб, вилоятнинг турли ҳудудларидан келган харидорлар томонидан катта қизиқиш билан харид қилинмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири