"Навбаҳор" Туркияда "Башакшеҳир" дарвозасига тўртта гол урди
Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув машғулотларини олиб бораётган Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси навбатдаги халқаро ўртоқлик учрашуви доирасида Истанбулнинг "Башакшеҳир" клубига қарши ўйин ўтказди.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасидаги танаффусдан унумли фойдаланаётган жамоалар хорижда ўқув-йиғин машғулотларини давом эттирмоқда.
Жумладан, Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказаётган Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси халқаро ўртоқлик учрашувида Истанбулнинг "Башакшеҳир" клуби билан майдонга тушди.

Туркия жумҳурияти биринчилигида катта мавқега эга бўлган ва кумуш медалларни қўлга киритган етакчи клуб "Лочинлар" олдида ожиз қолди. 4:2 ҳисоби қайд этилган учрашувда "Навбаҳор" сафида Ҳусайн Норчаев ва Руслан Жиянов икки бор рақиблар дарвозасини ишғол этиб, "дубл"га эришди.
Маълумот ўрнида, "Башакшеҳир" таркибида яқиндагина мундиалда қатнашган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаев ҳаракат қилади. Аммо улар айни вақтда юртимизда бўлиб туришгани боис ушбу ўйинда қатнашмади.

Ўз навбатида, жаҳон чемпионатида терма жамоамиз сафида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Ўткир Юсупов ҳамда ҳужумчимиз Русланбек Жиянов “Навабаҳор” ихтиёрига қайтиб, клубнинг назорат ўйинида майдонга тушди.
Эслатиб ўтамиз, Темур Кападзе бошчилигидаги "Навбаҳор" клуби Туркия йиғини доирасида бундан аввалги назорат баҳсида Озарбайжон вице-чемпиони – "Зира" клубини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА