Футболни илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Миллий футбол марказида “Футбол ва илм” спорт ва фан инновациялари форуми бўлиб ўтди.
Унда миллионлар ўйинини илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш, соҳага замонавий инновацияларни жорий этиш ҳамда илм-фан интеграциясини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси спорт, соғлиқни сақлаш, олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларининг мутасаддилари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Тошкент давлат тиббиёт университети, жисмоний тарбия ва спорт бўйича олий таълим муассасалари олимлари, мураббийлар иштирок этган форумда долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.

Жумладан, Обиджон Игамбердиев, Анвар Сатторов, Дилафруз Абдуллаева, Владимир Серебряков каби олимларнинг футболчиларни тайёрлашнинг миллий модели, интенсив жисмоний юкламаларга мослашувининг физиологик механизмлари каби мавзулардаги чиқишлари кўпчиликка манзур бўлди.
Форум давомида футболни илмий асосда ривожлантириш, спорт тиббиёти, селекция, таълим, инновацион технологиялар ҳамда замонавий бошқарув механизмларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр ва таклифлар илгари сурилди.
Т. Рўзиев, ЎзА