Наталья Кочанова: Парламентлараро форум – Беларусь - Ўзбекистон ҳамкорлигининг натижадор форматларидан бирига айланди
«Стратегик шериклик: парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, янги вазифалар ва ҳамкорлик истиқболлари» мавзусидаги Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форумининг ялпи мажлисида Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика кенгаши раиси Наталья Кочанова сўзга чиқди.
Н.Кочанова Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга форумни шахсан қўллаб-қувватлаганлари учун чуқур миннатдорлик билдирди.
– Жорий йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланди, - деди Н.Кочанова. – Ўзбекистонлик дўстларимизни ушбу қутлуғ сана билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Биз стратегик шериклик даражасини юксак қадрлаймиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонамиз. Қардош ўзбек халқига тинчлик, эзгулик ва фаровонлик тилаймиз.
Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар 33 йил муқаддам ўрнатилгани, Беларусь Президенти А.Лукашенко ўзининг биринчи расмий ташрифини 1994 йилда айнан Ўзбекистонга амалга оширгани қайд этилди. Ушбу тарихий факт туфайли Беларусь Ўзбекистон билан шерикликка алоҳида аҳамият қаратади.

Йиллар ўтиши билан мазкур ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, ўзаро ҳурмат, ишонч ва стратегик манфаатларнинг муштараклигига асосланган жадал ва изчил ривожланиш динамикасини намоён этмоқда.
Беларусь ва Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ нормалари, суверен тенглик ва давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига асосланган адолатли, кўп қутбли дунё тартибини шакллантириш тарафдори бўлиб келмоқда.
Жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига расмий ташрифидаги олий даражадаги музокаралар якунига кўра, давлатларимиз ўртасида стратегик шерикликни ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланди. 2026 - 2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Асосий йўналишлар сифатида саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, транспорт-логистика, минтақалараро ҳамда гуманитар алоқаларни кенгайтириш белгиланди.

Хива форумининг «Стратегик шериклик: парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, янги вазифалар ва ҳамкорлик истиқболлари» мавзуси бежиз танланмаганига эътибор қаратилди. Парламент дипломатияси давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисмига айланди.
Президентлар топшириғига мувофиқ, парламентларнинг юқори палаталари олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши устидан доимий назоратни таъминлаб келмоқда.
Мамлакатларимиз олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик тизимли асосда йўлга қўйилган. Институционал мулоқот Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўртасида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида мувофиқлаштирилмоқда.
Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолият юритмоқда, 2026 - 2027 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси (йўл харитаси) имзоланган.

“Мазкур форумнинг Шарқ цивилизациясининг энг қадимий марказларидан бири, асрлар давомида маданиятлар ва савдо йўллари чорраҳаси бўлиб келган шаҳар – Хивада ўтказилгани алоҳида рамзий аҳамиятга эга. Тарих бизга шуни ўргатадики, мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳар доим фаровонликнинг асосий омили бўлиб келган. Қадимий Хива заминидаги самимий қабул ва тадбиримизни юқори даражада ташкил этгани учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ва ҳурматли Танзила Камаловнага самимий миннатдорчилигимни изҳор этаман”, деди Н.Кочанова.
Форумда Беларусь ва Ўзбекистон парламент аъзолари, бизнес вакиллари, ижтимоий соҳа мутахассислари ҳамда экспертлар ҳамжамияти вакилларининг иштирок этаётгани шериклик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидан далолат бериши эътироф этилди.
– Қўшма лойиҳа дадил ғоядан Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлигининг натижадор форматларидан бирига айланди, - деди Нталья Кочанова. – Тўртта форум давомида 122 шартнома, шунингдек, минтақавий даражада ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ва жамоат ташкилотлари йўналишида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги салмоқли битимлар ва меморандумлар имзоланган. Ушбу тенденцияни биз нафақат сақлаб қолмоқдамиз, балки уни янада ривожлантириб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаймиз.
Норгул Абдураимова,
Бекзодбек Саидов (сурат), ЎзА