Мактаб пайтидаёқ хорижий тил ва фан сертификатига эга бўлган ўқувчилар сони 100 мингга етди
Таълим ислоҳотларининг натижалари халқаро баҳолаш ва ўқувчилар ютуқларида ҳам кўринаётгани айтилди. “MELQO” тадқиқотида мактабгача таълим тизими юқори баҳоланди. PISA рейтингида 15 ёшли ўқувчилар табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, дунёда 48-ўринни эгаллади.
Жорий йилнинг ўзида истеъдодли ёшлар нуфузли олимпиадаларда 228 та медаль – 38 та олтин, 82 та кумуш ва 108 та бронзани қўлга киритди. Ўзбекистон илк бор мезбонлик қилган халқаро кимё ва информатика олимпиадаларида ўқувчиларимиз яна 8 та медалга сазовор бўлди.
Мактаб пайтидаёқ хорижий тил ва фан сертификатига эга бўлган ўқувчилар сони 100 мингга етди. Ушбу кўрсаткич 2,5 баробар кўпайган. Бу йил қарийб 5 минг битирувчи олийгоҳга киришда энг юқори баллни тўплади.
Президентимиз мазкур натижаларни устозлар меҳнати, янгиланган таълим мазмуни ва ёшларга яратилаётган имкониятлар билан боғлади.
ЎзА