Замонавий таълим ва тараққиёт маркази
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим тизимини модернизация қилиш, ёш авлодни замонавий билим ва касб-ҳунар билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида олий таълим тизими мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, хусусий олий таълим муассасаларининг ривожланиши соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида инсон капиталини ривожлантириш, замонавий фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш ҳамда таълим сифатини халқаро стандартларга мослаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ушбу мақсадларни амалга оширишда хусусий университетлар муҳим ўрин эгалламоқда.
Ана шундай замонавий олийгоҳлардан бири — Ренессанс университети. 2022 йилда ташкил этилган ушбу олий таълим муассасаси қисқа вақт ичида инновацион ёндашуви, замонавий таълим муҳити ва малакали профессор-ўқитувчилари билан кенг эътибор қозонди.
Университетнинг асосий мақсади — меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, юқори рақобатбардош ва замонавий билимларга эга мутахассисларни тайёрлаш. Шу мақсадда иқтисодиёт, молия, ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт, педагогика, филология, халқаро муносабатлар, туризм каби йўналишларда сифатли таълим дастурлари йўлга қўйилган.
Университет ҳузуридаги илмий ва халқаро марказлар таълим сифатини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Хусусан, Хитой тили маркази талабаларга тилни чуқур ўрганиш билан бирга, халқаро HSK имтиҳонларига тайёргарлик кўриш имконини беради. Бу эса талабаларга хорижда таълим олиш ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш имкониятини яратади.
Туркий тиллар маркази эса туркий халқлар тили, тарихи ва маданиятини ўрганишга хизмат қилиб, илмий семинарлар ва маданий тадбирлар орқали ёшларнинг миллий ўзликни англашига ҳисса қўшмоқда.
Университетдаги энг инновацион лойиҳалардан бири — Финляндия таълим лабораторияси. Ушбу лойиҳа Хельсинки ва Ювяскюля университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилиб, замонавий педагогик методларни жорий этишга хизмат қилмоқда. Айниқса, педагогика йўналишидаги талабалар учун бу катта амалий аҳамият касб этади.
Шунингдек, университет қошидаги “Ренессанс” боғчаси узлуксиз таълим тизимини шакллантиришга қаратилган муҳим ташаббусдир. Бу ерда болаларнинг интеллектуал ва ижодий ривожи, хорижий тилларни ўрганиши ҳамда инновацион тарбия усуллари асосида таълим берилади.
Ренессанс университетида замонавий технологиялар кенг жорий этилган. HEMIS тизими, электрон кутубхона ва виртуал таълим платформалари талабаларга қулай ва самарали ўқиш имконини яратади. Таълимнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиши эса халқаро интеграцияни таъминлайди.
Университет хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириб, талабалар учун академик алмашинув, халқаро семинар ва конференцияларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Бундан ташқари, университетда илмий-амалий конференциялар, интеллектуал танловлар ва маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилиб, талабаларнинг лидерлик қобилияти ва эркин фикрлашини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ренессанс университети нафақат замонавий билим берувчи маскан, балки инновацион ғоялар ва юқори малакали кадрлар етиштирувчи муҳим илмий-маърифий марказдир. Келгусида университетнинг халқаро ҳамкорликлари ва таълим дастурлари янада кенгайиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Нурислом ХУРСАНОВ,
Ренессанс университети
Хорижий филология кафедраси мудири
ЎзА