“Naqsh” мактабида янги авлод ҳунармандлари тайёрланади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент шаҳридаги “Naqsh” ҳунармандчилик мактабида анъанавий санъат ва ҳунармандчилик соҳасида янги авлод мутахассисларини тайёрлашга қаратилган икки йиллик кундузги диплом дастурининг илк ўқув йилига старт берилди.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Қироллик жамғармаси Анъанавий санъат мактаби ҳамкорлигида ишлаб чиқилган мазкур дастур юртимизнинг бой ҳунармандчилик ва амалий-безак санъати анъаналарини чуқур ўрганган, уларни замонавий ижодий ёндашув асосида давом эттира оладиган дизайнер-ҳунармандларнинг янги авлодини шакллантириш мақсадига қаратилган.
Тадбир давомида таълим дастурининг мазмун-моҳияти, ўқув жараёни ва амалий машғулотлар йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, таълим жараёнида назарий билим ва амалий кўникмалар уйғунлаштирилади. Талабалар геометрия ва геометрик нақшлар, ислимий нақш ва композиция, ранг назарияси, табиий пигментлар ва анъанавий бўёқлар, натурадан расм чизиш, кулолчилик ва кошинкорлик, хаттотлик, меъморчилик асослари, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, қадама безак ва анъанавий панжарасозлик каби йўналишларда таҳсил олади.
Шунингдек, дастур доирасида Ўзбекистон меъморчилиги, амалий-безак санъати ва анъанавий ҳунармандчилигида табиатдаги тартиб, уйғунлик, мутаносиблик ва симметрия каби умуминсоний бадиий тамойилларнинг намоён бўлиши ўрганилади.
Устахона машғулотларида талабалар ёғочга ишлов бериш, кулолчиликнинг қолиплаш, ўйиш ва бўяш каби турли техникаларини ўзлаштиради. Шунингдек, меъморий безакларда қўлланиладиган табиий пигментлар ва боғловчи моддаларни тайёрлаш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлади.
Дастурнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳунармандчилик фақат алоҳида техникалар мажмуи сифатида эмас, балки ғоя ва лойиҳани ишлаб чиқишдан тортиб материални чуқур англаш ва тайёр асарни юқори маҳорат билан яратишгача бўлган яхлит ижодий жараён сифатида ўргатилади.
[gallery-31780]
Тингловчиларга Қироллик жамғармаси Анъанавий санъат мактабининг таниқли битирувчилари, шунингдек, Буюк Британия, Эрон, Россия, Туркия, Иордания ва бошқа мамлакатлардан таклиф этилган халқаро мутахассислар дарс беради.
Икки йиллик таълим давомида талабалар Ўзбекистоннинг бой бадиий ва меъморий мероси асосида мустақил ижодий лойиҳаларини ишлаб чиқади. Таълим якунида эса ҳар бир талаба ўзининг билим ва техник маҳоратини, шунингдек, индивидуал ижодий қарашини намоён этувчи якуний лойиҳани тақдим этади.
Қироллик жамғармаси Анъанавий санъат мактаби директори доктор Холид Аззам қайд этганидек, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва юксак ҳунармандчилик анъаналари янги авлод санъаткорлари ва ҳунармандларининг ижодий салоҳиятини ривожлантириш учун муҳим замин яратади.
Анъанавий санъат мактаби бундай таълим дастурларини Покистон, Хитой, Миср ва бошқа мамлакатларда ҳам йўлга қўйган. Мазкур дастурлар анъанавий ҳунармандчиликни такрорлаш билан чекланиб қолмай, миллий меросни янги талқинлар асосида ривожлантириш ва замонавий ижодий асарлар яратишга хизмат қилади.
Янги таълим дастурининг йўлга қўйилиши мамлакатимизнинг анъанавий санъат ва ҳунармандчилик меросини асраб-авайлаш, уни замонавий дизайн ва ижодий ёндашувлар билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА