Наманганда янги таълим масканлари очилди
Бугун юртимиздаги барча мактабларда янги – 2024/2025 ўқув йилининг биринчи қўнғироқлари янгради.
“Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” ғояси асосида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрамига ҳамоҳанг ўтаётган бу тадбирлар, айниқса, мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар натижасида янгидан қурилиб, замонавий шароитлар яратилган таълим масканларида нишонланаётгани ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Истиқлол айёми ва Билимлар кунига туҳфа сифатида, Наманган вилояти Чуст туманида Бобораҳим Машраб номли хусусий мактаб фойдаланишга топширилди. Тадбиркор томонидан 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган мазкур мактаб 396 ўқувчи ўрнига эга бўлиб, янги 50 та қўшимча иш жойи яратилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Наманган вилоятида сўнгги етти йилда нодавлат таълим муассасалари тармоғи кенгайтирилиб, хусусан хусусий мактаблар сони 34 тага етганлиги айтилди. Уларда 2 минг 963 нафар ўқувчига 314 нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.

Жумладан, янги ўқув йилида учта ана шундай нодавлат мактаб ўз фаолиятини бошлади. Нуронийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
***
Вилоятда ўтган йилнинг ўзида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан туманларда саккизта ихтисослаштирилган мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги ўқув йилидан эътиборан уларнинг сони яна биттага кўпайди. Вилоятнинг довонга туташ тоғолди ҳудуди – Поп туманида 408 ўқувчи ўрнига эга бўлган ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди. Замон талабларига тўлақонли жавоб берадиган кўркам билимгоҳни барпо этиш учун давлат бюджетидан 17 миллиард 571 миллион сўм маблағ сарфланди.
Бундан туман фаоллари, нуронийлар, халқ таълими фидойилари, айниқса, туманнинг билимга чанқоқ ёшлари беҳад мамнун бўлди. Тантанали тадбирда эътироф этилганидек, 2024 йилда Наманган вилоятидаги Президент мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 11-синфларини тамомлаган 602 нафар ўқувчининг барчаси олий таълим муассасалари талабаси бўлди.
Тақдимот маросимларида қатнашган Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ижобий ўзгаришлар юксак самаралар бераётганлигини таъкидлаб, янги таълим муассасалари фаолиятига улкан зафарлар тилади.

***
Наманган вилоятидаги 715 та умумтаълим мактабида 549 минг 277 нафар ўқувчи “Биринчи қўнғироқ” тадбири билан дарсларни бошлади. Жорий ўқув йилида 58 минг 438 нафар бола 1-синфга қадам қўйди. Болажонларга 12 турдаги ўқув қуроллари ва дарслик китобларидан иборат “Президент совғаси” тантанали равишда топширилди.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрами ҳамда Билимлар куни Наманган шаҳридаги 6-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ҳам кенг нишонланди. Вилоят ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими, ёшлар ишлари бошқармалари масъул ходимлари, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги тадбир Ўзбекистон давлат мадҳияси садолари остида бошланди.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов ўқувчиларга самимий тилакларини билдириб, мактабда олинадиган чуқур билимлар Янги Ўзбекистоннинг эртанги кунини белгилашга хизмат қилишини таъкидлади. Ўқувчиларга юксак салоҳиятли, ватанпарвар, халқимиз оғирини енгил, мушкулини осон қиладиган, ақлан баркамол кадрлар сифатида вояга етишига катта ишонч билдирилди.

Ушбу илмгоҳда янги 2024/2025 ўқув йилида Нигора Аҳмедова бошчилигидаги 45 нафар педагог муаллимлигида 900 нафарга яқин ўқувчи таълим олади. Мактаб остонасига энди қадам қўйган 1-синфнинг жажжи 105 ўқувчисига “Президент совғаси” тантанали равишда тақдим этилди.
Эътироф этиш жоиз, ўтган ўқув йилида мактабни тамомлаган 85 нафар битирувчининг барчаси юртимиз ва хориждаги нуфузли олий ўқув юртларига қабул қилинди. Уларнинг ярмидан кўпи давлат гранти асосида талаба бўлиш бахтига эришди.
Ўқувчилар “Мустақиллик дарси” билан янги ўқув йилини бошлади. Вилоят ҳокимининг ўринбосари жажжи ва юқори синф ўқувчилари билан мулоқотда бўлиб, уларни ота-оналари орзу қилган аълочи ўқувчи, Ўзбекистонимиз ишонган муносиб фарзандлари бўлишга руҳлантирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.