Наманган ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги такомиллашади
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар бошчилигида Греция, Финляндия, Руминия, Словакия ва Латвия давлатлари элчилари, шунингдек, Болгария, Испания ва Польша дипломатик ваколатхоналари вакилларидан иборат делегация Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маркази”да нуфузли меҳмонлар ҳамда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов ўртасида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида изчил ривожланиб бораётган муносабатларни ҳудудлар даражасида мустаҳкамлаш, кўҳна қитъа компаниялари ва инвесторлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, инвестиция, экспорт, туризм, “яшил” технологиялар, замонавий агротехнологиялар, рақамлаштириш, таълим ва касбий тайёргарлик икки томонлама алоқаларда истиқболли йўналишлар сифатида аҳамиятга эга.

Ўзаро мулоқотда Наманганнинг бу борадаги мавжуд иқтисодий салоҳияти ва ўсиш кўрсаткичларига ҳам эътибор қаратилди. Сўнгги беш йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 3,1 баробарга ошди. 8,5 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниб, бугунги кунда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар сармояси иштирокида 19 қўшма ва хорижий корхона фаолият юритмоқда.

Европа бозори билан савдо алоқалари ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилда Европага экспорт ҳажми 10 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 36 миллион долларга етди. 2026 йилнинг ўтган саккиз ойида эса Европа Иттифоқи давлатлари билан ташқи савдо айланмаси 120,8 миллион доллар, экспорт ҳажми 46 миллион долларга тўғри келмоқда. Айни пайтда ўсиш фақат рақамларда эмас, экспорт географиясида ҳам акс этмоқда. 2020 йилда 85 маҳаллий корхона иттифоққа аъзо саккизта давлатга маҳсулот экспорт қилган бўлса, ўтган даврда 215 корхона 18 давлат бозорига маҳсулот етказиб берди.
Музокараларнинг асосий жиҳати – келгуси ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлар илгари сурилгани бўлди. Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан еттита устувор йўналишда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Хусусан, Европа молия институтлари билан Наманган учун инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш, Финляндия билан замонавий агротехнологиялар, “яшил” технологиялар ва таълим, Испания ҳамда Греция билан агросаноат ва туризм, Словакия билан автомобилсозлик ва касб-ҳунар таълими, Польша ҳамда Руминия билан агросаноат ва озиқ-овқатни қайта ишлаш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикрлар алмашилди. Латвия билан эса рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат, ахборот коммуникация технологиялари, рақамли давлат хизматлари ва замонавий таълим технологиялари бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Тойво Клаар ва элчилар ҳам сўз олиб, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари хусусида фикр билдирди.

Музокаралар давомида меҳмонларга Наманган вилоятининг инвестициявий салоҳияти ҳамда анъанавий равишда ўтказиб келинадиган Халқаро “Гуллар фестивали”га бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Учрашув якунида билдирилган таклифларни амалий лойиҳаларга айлантириш, Европа компаниялари ва молия институтлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда Наманган ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли, ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим эканлиги таъкидланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.