Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди
Инфляция пасайишда давом этмоқда. Бироқ ташқи бозорлардаги нархлар, инфляцион кутилмалар ва тартибга солинадиган тарифларни либераллаштириш жараёни иқтисодиётда инфляцион босимларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Марказий банк Бошқарувининг 16 сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакатда инфляция пасайиш тенденциясини давом эттирмоқда. Хусусан, август ойида йиллик умумий инфляция 6,2 фоизни, базавий инфляция эса 5,5 фоизни ташкил этди.
Иқтисодиётда айрим мувозанатлашув белгилари кузатилаётган бўлса-да, инфляцион босимлар ҳануз сақланиб қолмоқда. Жумладан, инфляцион кутилмаларнинг пасайиши умумий инфляцияга нисбатан секинроқ кечмоқда.
Шунингдек, жаҳон бозорларида хомашё, озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг юқори даражада сақланиши, шунингдек, тартибга солинадиган нархларни либераллаштириш жараёни инфляция учун асосий хатарлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Айни пайтда ижобий реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини қўллаб-қувватламоқда.
Марказий банк инфляцияни босқичма-босқич пасайтириб, 2027 йил якунига қадар 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга эришиш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этади.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2026 йил 28 октябрда ўтказилиши белгиланган.
Ш.Маматуропова, ЎзА