Наманган – Корея: ташаббуслар ўз самарасини беради
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим сиёсий-дипломатик воқеа бўлди. Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур жараёнларда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегациянинг фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этди. Давлат идоралари ҳамда ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегациянинг Кореядаги учрашувлари оддий танишув ва шунчаки тадбирлар билан чекланиб қолмади.
Пойтахт Сеул шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон – Корея” биринчи ҳудудлараро форуми бу борада муҳим майдон бўлди. Унда вилоят делегацияси ҳам иштирок этиб, Наманганнинг иқтисодий салоҳияти, демографик имкониятлари, саноат, аграр тараққиёти ва логистика имкониятлари корейс ҳамкорларига тақдим қилинди. Вилоят ҳокими томонидан жадал ривожланаётган ҳудуд сифатидаги имкониятлар, инвестиция учун яратилаётган шароитлар ва янги лойиҳалар ҳақида билдирилган фикрлар Наманганнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини яна бир бор намоён этди.

Делегациянинг Соннам шаҳрида олиб борган музокаралари ҳудудлараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берди. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда Соннам шаҳри мери Шин Сан Жин иштирокидаги учрашувда ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, Соннамнинг сунъий интеллект, яримўтказгичлар, рақамли технологиялар ва стартаплар соҳасидаги тажрибаси Наманган учун айниқса аҳамиятли эканлиги таъкидланди.
Учрашувда юқори технологияли ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар, замонавий “IT” парклар ташкил этиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашиш масалалари бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, Соннамнинг шаҳарсозлик ва экологик бошқарув соҳасидаги илғор тажрибасини Наманганда татбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Эътиборлиси шундаки, Соннам шаҳри раҳбарияти ва ишбилармонлари Наманганга, хусусан, келаси йилда ўтказиладиган 66-халқаро “Гуллар фестивали”га таклиф этилди. Бундай таклифлар вилоятнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, туризм ва маданий дипломатия имкониятларини кенгайтириш билан бирга, хорижий ишбилармонларни Наманган салоҳияти билан бевосита таништириш учун ҳам муҳим платформа бўлиши шубҳасиз.
Наманган делегациясининг Сеулдаги “Kind — Korea Overseas Infrastructure & Urban Development Corporation” компанияси раҳбарияти билан учрашуви ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Корпорация вице-президенти Вон Бёнг Чул билан бўлиб ўтган музокараларда “Янги Наманган” шаҳарчасини барпо этиш лойиҳаси тақдим қилинди. Ушбу лойиҳа замонавий кўп қаватли уй-жойлар қурилиши билан бир қаторда, экологик тоза ҳудудлар, саноат кластерлари, савдо ва ижтимоий объектларни қамраб олган “Smart City” концепциясига асосланиши билан ўрин тутади.

Музокараларда Кореянинг энергия тежамкор технологиялари ва илғор стандартларини Наманганда қўллаш, давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш, Корея инвестиция фондлари ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Йўл-транспорт тизими, сув тозалаш иншоотлари ва яшил энергия таъминоти бўйича корейс тажрибасидан фойдаланиш режалари эса “Янги Наманган” лойиҳасининг комплекс хусусиятини кўрсатади. Корея тажрибасини ўрганишнинг яна бир амалий натижаси балиқчилик соҳасида кўзга ташланди.

Наманган вилояти делегацияси “Aqua Plaza & Jang Hang Fish Farm” замонавий “ақлли балиқчилик” комплекси фаолияти билан танишди. Ўрганилган технологиялар асосида вилоятда янги авлоддаги йирик балиқчилик кластерини ташкил этиш бўйича Наманган вилояти ҳокимлиги, “U.K. Global Network” компанияси ҳамда мазкур корхона ўртасида уч томонлама англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Наманган делегацияси Кореянинг Хонсон шаҳридаги йирик агросаноат мажмуалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Ташриф доирасида ҳудудда чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантиришга қаратилган янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Музокаралар давомида хорижий ҳамкорларнинг йирик объектларидаги иш жараёни ва илғор технологиялари ўрганилди, хусусан, "Seongcheong Farm"да замонавий паррандачилик ва сутни қайта ишлаш комплексининг инновацион технологиялари ҳамда узлуксиз ишлаб чиқариш занжири кўздан кечирилди. "Baekgwang food" — йирик чорвачилик мажмуасида чорва молларини парвариш қилиш, юқори сифатли озуқа тайёрлаш ва маҳсулдорликни ошириш тизими таҳлил қилинди.

Амалий ишларнинг навбатдаги босқичи сифатида, кореялик инвесторлар ва мутахассислар яқин вақт ичида Наманган вилоятига ташриф буюриши белгиланди. Улар хомашё базаси ва логистика имкониятларини бевосита ўрганиб чиққандан сўнг, қўшма лойиҳани амалиётга татбиқ этиш бўйича кейинги чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Кореяга ташриф чоғида Наманган давлат техника университети ҳамда Шарқий Осиёдаги таълимга ихтисослаштирилган йирик компания – “Sangyoo group” билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу келишувга кўра, Жанубий Кореяда талаб юқори бўлган иш ўринлари ва нуфузли олий таълим муассасаларида учинчи босқичдан ўқишни давом эттириш имкониятини берувчи Сеул халқаро техника техникуми Наманган давлат техника университети қошида очилади. Марказий Осиёда ягона бўладиган, 2027 ўқув мавсумидан фаолиятини бошлаши кутилаётган техникумда корейс тажрибаси асосида дарс машғулотлари ташкил этилади.

Учрашувда кореялик инвестор Банг Хиён Минг, Наманган давлат техника университети ректори Ойбек Эргашев, Наманган вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси Шерзод Турсунов ва “IT Park” Наманган филиали раҳбари Икромжон Абдуллажонов иштирок этди.
Томонлар келгусида компания вакилларининг Наманган вилоятига ташрифлари, ўзаро кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда йирик корейс компаниялари лойиҳаларини аутсорсинг асосида Наманган вилоятида ташкил этиш бўйича келишувларга эришди.

Эътиборлиси, делегациянинг учрашувларида ҳамкорликнинг бир нечта устувор йўналиши бир вақтнинг ўзида қамраб олинди. Инвестиция ва савдо, замонавий шаҳарсозлик, яшил энергетика, сув таъминоти, рақамли ва ахборот коммуникация технологияларт, “стартап”лар, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати буларнинг барчаси Наманганнинг келгуси иқтисодий ўсиши учун муҳим тармоқлардир.
Мулоқотлардан ҳудудлараро шерикликка, шерикликдан инвестицияга, инвестициядан эса янги ишлаб чиқариш ва замонавий инфратузилмага ўтиш учун муҳим қадамлар ташланди. Энди бу ташаббусларнинг изчил давоми Наманган заминида акс этиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.