Наманган — 2030: вилоятни ривожлантиришнинг янги стратегияси муҳокама қилинди
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудудни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган «Наманган — 2030» стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатда Наманган вилоятининг ички имкониятлари, Фарғона водийсининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда аҳоли эҳтиёж ва талабларидан келиб чиқилган.
Сўнгги йилларда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 85,4 триллион сўмга етиб, 2016 йилга нисбатан 6,9 баробарга ошди. Эндиликда асосий вазифа ушбу иқтисодий ўсишни янада жадаллаштириш ва унинг натижаларини аҳоли турмуш даражасида яққол акс эттиришдан иборат.
Стратегияга кўра, 2030 йилга бориб ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 166,4 триллион сўмга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 27 миллион сўмдан 47,7 миллион сўмга етказиш белгиланган. Саноат маҳсулотлари ҳажми 83 триллион сўмга етказилиши кўзда тутилмоқда. Бунда хомашёни сотишдан кўра, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга устувор аҳамият қаратилади.
Хусусан, тўқимачилик саноатида «ип-калавадан тайёр брендгача» бўлган ишлаб чиқариш занжирини ривожлантириш, агросаноатни кенгайтириш, Чуст пичоқлари, дўппи ва бошқа маҳаллий маҳсулотларни бренд сифатида ривожлантириш режалаштирилган.Шунингдек, гулчилик ва халқаро гуллар фестивали вилоятнинг янги иқтисодий ва туристик ўсиш драйверларидан бирига айлантирилади. Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини 60 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Экспорт ва туризм имкониятлари кенгайтирилади
Наманган вилоятининг Қирғизистон билан чегарадошлиги ва халқаро транспорт йўлакларига яқин жойлашуви экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.
Туризм соҳасида хорижий сайёҳлар сонини 1,5 миллион нафардан 3 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини эса 239 миллион доллардан 500 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Чортоқ, Косонсой, Поп, Нанай ва Ахсикент йўналишларини ягона туристик маршрутлар асосида ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Камбағалликдан ҳоли ҳудуд
Стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири камбағалликни қисқартиришга қаратилган.
Вилоятдаги 227 минг нафар камбағал аҳоли маҳаллабай таҳлил қилиниб, уларни барқарор даромад манбаларига эга қилиш бўйича манзилли чоралар кўрилади. 2030 йилга бориб мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш ва Наманганни «камбағалликдан ҳоли ҳудуд»га айлантириш мақсад қилинган. Шунингдек, ишсизлик даражасини 4 фоиздан оширмаслик, ёшлар бандлигини кенгайтириш ва IT соҳасида янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Таълим ва тиббиётда янги марралар
2030 йилга қадар вилоят аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлигини 72 ёшдан 78 ёшга етказиш белгиланган. Мактабгача таълим қамровини 80 фоизга, олий таълим қамровини эса 50 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш, оилавий шифокор хизматлари қамровини 9 фоиздан 90 фоизга ошириш, касалликларни профилактик кўриклар орқали эрта аниқлаш вазифалари белгиланган.
Сув, экология ва яшил ҳудудларга эътибор кучаяди
Наманган учун долзарб масалалардан бири бўлган сув таъминоти ва экология ҳам стратегиянинг устувор йўналишларидан этиб белгиланган. 2030 йилга қадар сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, 13,1 минг километр канални бетонлаш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 225 МВтга етказиш кўзда тутилмоқда.
Шаҳар ва туман марказларида яшиллик даражаси 30 фоизга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдон ҳажми эса 3 квадрат метрдан 4,4 квадрат метрга етказилади.
Чиқиндиларни йиғиш хизматлари билан аҳолини қамраб олиш даражаси 90 фоизга оширилади.
Уй-жой ва транспорт инфратузилмаси ривожлантирилади
Стратегия доирасида урбанизация даражасини 60 фоизга етказиш, ҳар йили 9,5 мингта хонадон қуриш ҳамда аҳолининг ичимлик сувидан доимий фойдаланиш даражасини 90 фоизга ошириш режалаштирилган. Шаҳар ва туманларни жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш учун 350 та автобус ва 250 та электробус йўлга чиқарилади.
Шунингдек, 4 389 километр автомобиль йўллари қурилиши ва таъмирланиши кўзда тутилган.
Умуман, «Наманган — 2030» стратегияси вилоятни иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли дастур сифатида баҳоланмоқда.
Стратегия доирасида белгиланган кўрсаткичлар Стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси орқали мунтазам кузатиб борилади. 2028 йилда стратегиянинг оралиқ баҳолаши ўтказилади.
Асосий мақсад эса бир — белгиланган иқтисодий кўрсаткичлар ва ислоҳотлар натижасини Наманган аҳолисининг кундалик ҳаёти, даромади ва фаровонлигида сезиларли ўзгаришларга айлантириш.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА