Адвокатларнинг суд экспертизаси билан боғлиқ билимлари оширилди
Мутахассисларнинг қайд этишича, суд экспертизаси билан боғлиқ билимлар адвокатга ишонч билдирувчи шахснинг ҳуқуқларини судда ҳимоя қилишда энг кучли исботлаш воситаларидан самарали фойдаланиш имкониятини беради. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, адвокатлар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишларда шартнома асосида суд экспертизаси тайинлашни мустақил сўраш ҳуқуқига эга. Шу сабабли, ушбу соҳадаги билимлар адвокатлик фаолиятининг муваффақиятини белгиловчи муҳим омил ҳисобланади.
Шунга кўра, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг адвокатлардан иборат тингловчилар гуруҳи учун Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида амалиёт ташкил этилди.
Адвокат аввало, эксперт олдига қўйиладиган саволларни аниқ шаклда тушуниши, хулосасининг мазмунини англаши, унинг асослантирилганлигини таҳлил қилиш ҳамда иш учун муҳим жиҳатларни эътибордан четда қолдирмаслиги лозим. Бу эса ҳимоя позициясини тахминларга эмас, далиллар ва пухта таҳлилга таянган ҳолда шакллантиришда муҳим кўмак бўлади.

Мазкур амалиёт назарий тайёргарликни касбий фаолият эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Экспертиза муассасасидаги амалий таълим адвокатларнинг соҳага оид билимларини чуқурлаштириш, экспертлик фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини яхшироқ англаш учун имконият яратади.
Гулноза Бобоева, ЎзА