“Музейлар ҳафталиги” бошланди (+видео)
2–8 сентябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Музейлар ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар Ўзбекистон тарихи давлат музейида ҳам бошланди.
Музей — шунчаки тарихий буюмлар сақланадиган маскан эмас, балки ўтмиш ва бугунни боғловчи, тарихий хотирани асраб-авайловчи ҳамда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбияловчи муҳим маърифат масканидир. “Музейлар ҳафталиги” эса аҳолининг тарихий-маданий меросимиз билан яқиндан танишиши учун кенг имконият яратади.
Яқинда реконструксиядан чиқарилиб, экспозитсияси янгиланган Ўзбекистон тарихи давлат музейи учун бу йилги “Музейлар ҳафталиги” алоҳида аҳамиятга эга. Икки йиллик танаффусдан сўнг ҳафталик доирасидаги тадбирларнинг музейда қайта ташкил этилиши, айниқса, ташриф буюрувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Ҳафталик доирасида музейга ташриф буюрганлар янгиланган экспозитсия билан танишиш баробарида, турли маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда. Айниқса, болажонлар учун музей қошида фаолият юритаётган “Болалар бўлими”нинг имкониятлари кенгайтирилгани эътиборга молик.
Мазкур бўлимда кулолчилик ва рассомчилик машғулотлари ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ушбу машғулотлар болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни миллий ҳунармандчилик ва санъатга қизиқтиришга хизмат қилмоқда.
“Музейлар ҳафталиги” 8 сентябрьга қадар давом этади. Ҳафталик доирасида мамлакатимиздаги давлат музейларида кўргазмалар, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, очиқ дарслар ва бошқа маданий дастурлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
“Музейлар ҳафталиги” фуқаролар учун халқимизнинг бой тарихи ва маданий мероси билан яқиндан танишиш, уни ўрганиш ва қадрлаш учун муҳим имкониятдир.
Меҳрожиддин Умурзақов, Ойбек Давронов, Искандар Исматов, ЎзА