Ўзбекистон ва Қирғизистон консерваториялари ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Санъат йўналишидаги олий ўқув даргоҳлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш янги ижодий лойиҳаларга йўл очиш, академик алмашинув, талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашинувида алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбекистон давлат консерваториясига Қирғиз Республикаси К.Молдобасанов номидаги Қирғиз миллий консерваторияси ректори Гулшан Конушева ташриф буюрди. Меҳмонни Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Камолиддин Ўринбоев кутиб олди.
Учрашув давомида икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, таълим ва илмий фаолиятда тажриба алмашиш, ижодий алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун янги имкониятлар яратиш, келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди.

Ташриф давомида меҳмонлар консерваториянинг Ахборот-ресурс маркази, овоз ёзиш студияси, концерт заллари ҳамда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Меҳмонлар учун консерватория талабалари иштирокида махсус концерт дастури ҳам намойиш этилди. Ёш ижрочиларнинг маҳорат билан ижро этган куй-қўшиқлари меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Концерт икки халқнинг бой мусиқий мероси, миллий қадриятлари ва ижрочилик анъаналари ўртасидаги муштаракликни яна бир бор намоён этди.

Ушбу ташриф ва имзоланган меморандум икки мамлакатнинг мусиқа таълими муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли ижодий лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим қадам бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА