Музаффар боксчиларимиз муносиб кутиб олинди
Англиянинг Ливерпуль шаҳрида 4-14 сентябрь кунлари “World Boxing” ташкилоти томонидан илк маротаба ташкил этилган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 6 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медалини жамғарди.
Бугун эрта тонгда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида музаффар боксчиларимиз тантанали кутиб олинди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, мамлакатимиз бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, спорт жамоатчилиги, мухлислар, спортчиларнинг яқинлари, журналистлар иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистонда кўплаб спорт турлари каби бокс ҳам ёшлар ўртасида жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларга эришмоқда.

Бунга мисол қилиб Ливерпуль шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатини кўрсатиш мумкин. Дунёнинг 60 мамлакатидан келган 500 чарм қўлқоп устаси ўртасида ўзбек боксчилари ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмаслигини исботлади.

Жаҳон чемпионатида Абдумалик Халоқов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Фазлиддин Эркинбоев, Жавоҳир Умматалиев, Акмалжон Исроилов ва Тўрабек Ҳабибуллаев ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Навбаҳор Ҳамидова ҳамда Жаҳонгир Зокиров финалга қадар ўтган беллашувларда зафар қучиб, делегациямиз ҳисобига кумуш медални тақдим қилган бўлса, Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова ҳамда Азиза Зокирова бронза медали билан тақдирланди.

Шу тариқа, жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги беллашувларида 6 та олтин ва битта кумушга эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси медаль жамғаришда биринчи бўлди. Умумжамоа ҳисобида эса вакилларимиз иккинчи ўриндан жой олди.

– Президентимизнинг биз спортчиларга билдираётган катта ишончи, мураббийларнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши жаҳон чемпионатидаги муваффақиятимизда асосий омил бўлди, – дейди икки карра жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев. – Келгусида ҳам юқори натижаларга эришиш, Ватанимиз шарафини янада улуғлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз. Яна бир катта мақсадим 2028 йили АҚШ мезбонлигида ўтадиган XXXIV Олимпия ўйинларида иккинчи олтин медални қўлга киритиш.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА мухбирлари