Мустақиллик – ташаббус, меҳнат ва имкониятлар тимсоли
Мустақиллик биз учун, аввало, ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан барпо этиш, эртанги кунга мустаҳкам ишонч ва ўз ташаббусларимизни амалга ошириш имкониятидир.
Бугун юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиб, янги иш ўринлари яратаётган ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатаётган минглаб инсонларнинг фаолияти ана шу имкониятларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, кенг шароитлар яратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 19 - август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти мамлакатимизда соҳа ривожи йўлидаги муҳим тарихий воқеа бўлди. Илк бор студиялар орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 25 минг нафарга яқин тадбиркор иштирок этган ушбу мулоқотда юртимиз иқтисодиётининг жорий йил биринчи ярмида 8,5 фоизга ўсгани қайд этилди.
Албатта, иқтисодий ўсишни таъминлаш осон эмас. Бунинг учун қулай ишбилармонлик муҳити, қонун устуворлиги, адолатли муносабат ва тадбиркорнинг эртанги кунига ишончи муҳим. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг навбатдаги мулоқотида тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар очиқ-ойдин муҳокама қилингани алоҳида аҳамиятга эга.
Жумладан, тадбиркорларга қўлланилаётган жарималар миқдори юқорилиги, бу ҳолат уларнинг молиявий имкониятларини чеклаб қўяётгани танқидий таҳлил қилиниб, жарималар миқдорини ўртача 2 баробар камайтириш бўйича топшириқ берилди.
Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик муҳитини янада соғломлаштиришга хизмат қилади. Чунки тадбиркорнинг асосий мақсади — фақат фойда олиш эмас. У иш ўрни яратади, солиқ тўлайди, аҳолига хизмат кўрсатади, янги технология ва ёндашувларни жорий этади. Шунинг учун унинг фаолиятига тўсқинлик қиладиган ортиқча маъмурий босимлар қанча камайса, иқтисодиёт учун шунча кўп фойда келтиради.
Мулоқотда билдирилган яна бир муҳим янгилик келгуси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” жорий этилиши ҳақидаги ташаббусдир. Яъни тадбиркорнинг ҳаракатига суд орқали қонуний баҳо берилмагунча, у айбсиз ҳисобланади. Бу тамойилнинг амалиётга киритилиши тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириб, давлат органлари ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларда адолат мезонларини мустаҳкамлайди.
Сўнгги йилларда тадбиркорга хизмат кўрсатиш, унинг қонуний фаолиятига кўмаклашиш давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда. Тиббиёт соҳасида тадбиркорлик - оддий бизнес эмас. Бунинг замирида инсон саломатлиги, унинг ҳаёти ва тақдири туради. Шу боис хусусий тиббиёт муассасалари учун яратилган шароитлар нафақат тадбиркорнинг, балки аҳолининг ҳам манфаатига хизмат қилади.
Бугун хусусий тиббиёт муассасалари аҳолига тиббий хизматларни танлаш имкониятини кенгайтирмоқда. Замонавий тиббий ускуналарни харид қилиш, янги хизмат турларини жорий этиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш, хизмат сифатини ошириш каби масалаларда тадбиркор учун яратилаётган имкониятлар бевосита аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар ташлар эканмиз, мамлакатимиз тараққиётида инсон омили ва унинг ташаббусларига берилган эътибор қанчалик муҳим аҳамият касб этаётганини кўрамиз. Бугун инсон ўз қобилияти, билими ва меҳнати билан нафақат ўз оиласи, балки юрти тараққиётига ҳам ҳисса қўшмоқда. Шу маънода, Мустақиллик бизга берилган тайёр неъмат эмас, балки унинг қадрини меҳнат, ташаббус, масъулият ва фидойилик билан намоён этиб боришимиз зарур бўлган буюк имкониятдир.
Барчамиз учун энг катта мақсад - тинч ва фаровон юртда ҳалол меҳнат қилиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида янада ғайрат ва масъулият билан меҳнат қилишимиз лозим. Мустақиллик берган имкониятларни ёш авлод келажагига муносиб йўналтириш ҳар биримизнинг зиммамиздаги эзгу ва масъулиятли вазифадир.
Бахтияр Отелбаев,
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туман Кенгаши депутати
ЎзА