Мустақиллик — буюк қадрият, хизмат эса юксак шараф
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Байрам тадбирида мустақиллик йилларида юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, божхона тизимида эришилаётган натижалар алоҳида эътироф этилди.
[gallery-31152]
Тадбир давомида хизмат бурчини виждонан адо этиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимларни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 13 нафар ходим “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони, 49 нафар ходим эса Божхона қўмитаси раиси ҳамда бошқарма бошлиғининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, бир қатор ходимларга офицерлар таркибининг махсус унвонлари топширилди.
Шунингдек, божхона тизимида узоқ йиллар фидокорона хизмат қилган фахрийлар эъзозланиб, уларнинг кўп йиллик меҳнати ва соҳага қўшган муносиб ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Тадбир давомида хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган ходимларнинг оила аъзоларига ҳам чуқур ҳурмат ва миннатдорлик билдирилиб, уларнинг яқинларига эзгу тилаклар изҳор этилди.
Бундай эътироф ва эътибор ходимларнинг фидокорона меҳнатига берилган муносиб баҳо бўлиб, уларни келгусида ҳам Ватан равнақи йўлида янада масъулият ва садоқат билан хизмат қилишга руҳлантиради.
Мустақиллик биз учун нафақат тарихий сана, балки тинч ва фаровон келажак сари дадил қадамимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари