Мустақиллик билан боғлиқ жамики неъматлар тил билан боғлиқ
Пойтахтимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Маросим иштирокчиларининг айримларидан интервью олдик:

Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби:
– Мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар замирида миллий қадриятлар, ўзлик, миллий тилни асраш каби умуминсоний ғоялар мужассам.
Жамиятимизнинг барча соҳаларида катта янгиликлар, ўзгаришлар рўй бермоқда. Жумладан, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, шевалари, тарихий тараққиёти, унинг истиқболи билан боғлиқ илмий тадқиқотлар самарасини ошириш, кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугуги кунда ҳамма учун тушунарли, керакли дарсликлар, қўлланмалар ва ранг-баранг, ҳозирги замон ва келажак учун хизмат қиладиган луғатлар керак. Мана шундай луғатлар халқ ва жамият учун жуда зарур. Ахборот технологиялари, инновацияларни луғатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Бундан буён ҳам ўзбек тилини ўрганадиганлар аудиторияси тобора кенгайиб бораверади. Шунинг учун замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган луғатларни чоп этиш муҳим аҳамиятга эга.
Шуни орзу қиламанки, бизга луғатлар, маълумотномалар тайёрлайдиган Луғат маркази керак. Бу ўзимиз учун ҳам, чет эллик ўзбек тилини ўрганувчиларга ҳам хизмат қилади. Мен ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилаётган умумхалқ байрамининг мазмуни, моҳияти шунда, деб тушунаман.

Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири:
– Мустақиллик энг муқаддас байрам. Мустақилликнинг жамики неъматлари борки, барчаси тил билан боғлиқ. Дунёдаги кўплаб мамлакатлар ўз тилини давлат тили қилиш учун курашган. Бизнинг томиримиз чуқур, фольклоримизнинг ўтмиши олис мозийга бориб тақалади.
Тилимизнинг бугунги ҳолатидан қониқмаймиз. Давлат идораларида ўзбек тилида иш юритишда камчиликлар бор. Лекин кўплаб асосий ишлар ўз ўрнига тушмоқда.
Матбуотда, телевидениеда зиёлилар тилни ҳимоя қилишлари керак. Тил қоидаларини бузганлик, унга нисбатан ҳурматсизлик қилганлар қонун олдида жавоб бериши керак. Ёзилаётган бадиий асарлар, қўшиқларни назоратдан ўтказиш лозим. Бунга масъулларни белгилаш пайти келди. Луғатларни янада пишиқ қилиб ишлаш керак. Четдан кириб келаётган сўзларнинг муқобили бор, уларни тўғри қўллай билиш лозим.

Исажон СУЛТОН,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими:
– Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги кенг нишонланишида мажозий маъно бор. Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди.
Мустақиллик йилларида ўзбек тилини ривожлантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди. Бу Президентимиз томонидан тилимизга, маданиятимизга берилаётган эътиборнинг юксак намунаси десак, муболаға бўлмайди.

Цзян ЯНЬ хоним,
Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Бугунги кунда ўзбек тилида дунёда қирқ миллиондан ортиқ аҳоли гаплашади. Бу ҳар 200 нафар одамдан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача айтганда, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан биридир. Бу ўзбек тилининг нуфузи юксаклигидан далолат беради.
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Хитой олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганувчилар кўп. Шанхай университетида Ўзбекистонни ўрганиш бўйича марказ ташкил этилган. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда хитой ва ўзбек тилини яхши биладиган мутахассисларга эҳтиёж катта.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллиги билан барчани муборакбод этаман.