Тошкентда Хитойнинг инновацион ишланмалари ва саноат ускуналари намойиш этилмоқда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва янги ҳамкорлик имкониятларини излашга қаратилган халқаро кўргазмалар алоҳида аҳамият касб этади.
14 октябрь куни “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмаси мажмуасида Хитой халқаро савдога кўмаклашиш қўмитаси томонидан ташкил этилган “Хитой – Марказий Осиё (Ўзбекистон) – 2026” иккинчи савдо кўргазмаси очилди.
Очилиш маросимида Хитой халқаро савдога кўмаклашиш қўмитасининг Қозоғистондаги ваколатхонаси ходими Лю Юэ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азамат Раҳмонов иштирок этди.
Маълумки, 2025-2026 йиллар Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан ривожлантириш йиллари, деб эълон қилинган. Мазкур кўргазма ушбу йўналишдаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Бу йилги тадбирда Хитойнинг 200 га яқин етакчи компанияси, жумладан, саноатнинг илғор йўналишларида фаолият юритувчи корхоналар иштирок этмоқда. Экспозиция интеллектуал ишлаб чиқариш, яшил энергетика, истеъмол электроникаси ва хизматлар савдоси каби соҳаларни қамраб олган. Уларда Хитой компанияларининг технологик инновациялар, рақамли трансформация ва саноатни модернизация қилиш борасидаги ечимлари намойиш этилмоқда.

Кўргазма иштирокчиларининг 30 фоиздан ортиғини ихтисослашган, юқори технологияларга асосланган ва инновацион фаолият юритувчи, шунингдек, ўз соҳасида юқори салоҳият ва ўзига хос компетенцияларга эга корхоналар ташкил этади. Бу эса экспозициянинг нафақат тайёр маҳсулотлар, балки замонавий технологиялар ва саноат ечимларини тақдим этишга ҳам йўналтирилганини кўрсатади.
Умумий майдони 4 минг 800 квадрат метрни ташкил этган кўргазмада бешта ихтисослаштирилган тематик ҳудуд ташкил этилган. Шунингдек, Хитойнинг миллий қиёфаси, салоҳияти ва имкониятларини намоён этишга қаратилган “Хитой имкониятлари” махсус экспозицияси ҳам ўрин олган. Уларда мамлакатнинг сифатли маҳсулотлари, илғор технологиялари ва устувор йўналишлардаги хизматлари намойиш этилмоқда.
Турли тармоқларда фаолият юритувчи етакчи корхоналар ва ихтисослашган маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг бир майдонда жамланиши Ўзбекистон ва Хитой компаниялари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш, ишлаб чиқариш занжирининг турли босқичларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай имконият яратади.

Кўргазма доирасида Хитой ва Ўзбекистон инвестициявий ҳамкорлиги форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат савдо-саноат палаталари, тармоқ ассоциациялари ва корхоналари вакиллари иштирок этиб, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, икки давлат тадбиркорлари ўртасида B2B форматида ихтисослаштирилган соҳавий учрашувлар ташкил этилмоқда.
Бундай мулоқотлар ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, бозор талабини ўрганиш, таклиф ва эҳтиёжни мувофиқлаштириш, янги савдо ҳамда инвестициявий шериклик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади.
Кўргазма 16 октябрга қадар давом этади. Унинг доирасида Хитойнинг Шэньси вилояти ва Шинжон-Уйғур автоном райони билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва алмашинувларга бағишланган учрашувлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур тадбир икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва янги қўшма лойиҳалар учун замин яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу маънода, кўргазма рақамли иқтисодиёт, янги энергия манбалари ва интеллектуал ишлаб чиқариш каби истиқболли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА