Мусиқий танловлар янги асарлар яратишга, иқтидорли ёшларни аниқлашга ёрдам беради (+видео)
Мусиқа инсон тасаввур доирасини кенгайтиришдан ташқари унинг соғлиғига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Мисол учун, барабан қон айланишини яхшиласа, саксофон инсондаги иштиёқни кучайтирар экан. Скрипканинг эса кайфиятни кўтариб, фортепианонинг организмда моддалар алмашинувини яхшилашга ҳисса қўшишини германиялик олимлар изланишлари давомида аниқлаган.
Мусиқанинг айниқса, бола хотирасини мустаҳкамлаш, унинг фикрлаш доирасини кенгайтиришда аҳамияти катта. Юртимиз ёшларининг мусиқий иқтидорини шакллантириш мақсадида болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолият юритиб келади. Бундай мактабларда санъатга ошно бўлган ёшлар таҳсил олиб, мусиқий саводхонликларини ошириб боради.
Республикамизда фаолият юритиб келаётган ана шундай болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари ўртасида «Санъат ғунчалари» дамли ва зарбли чолғу ижрочиларининг ХХV – республика танловининг финал босқичи юқори савияда бўлиб ўтди.
Миллий гвардия, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур танлов олдидан даставвал «Янги Ўзбeкистон ёшларини тарбиялашда мусиқа таълимининг мақсад ва вазифалари» мавзусида V-республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
1998 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган ушбу танловнинг бу йилги ҳудудий саралаш босқичида 515 нафар ўқувчи қатнашган бўлса, шундан республика босқичида 132 нафари иштирок этиш имконини қўлга киритди. Иштирокчиларнинг ижодий ижро маҳоратини ҳар бир йўналиш бўйича ҳакамлар ҳайъати оқилона баҳолаб борди.
– Ушбу танловда ҳар йили бир янгилик бўлади, янги асарлар, иқтидорлар, лауреатлар аниқланади, – дейди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев. – Бу йилги танловга эстрада йўналиши ҳам қўшилди. Эстрада асбобларини чалувчи ёшлар ҳам беллашиб, лауреат бўлишди. Танлов лауреатлари ниҳоятда мураккаб асарларни ҳам маҳорат билан чалишларини исботлашди.
Тақдирлаш маросими Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди. Маросимда 69 нафар иштирокчи биринчи, иккинчи, учинчи ўрин ғолиблари бўлгани эълон қилинди. Ғолиб иштирокчилар диплом, эсдалик статуэткалари ҳамда совғалар билан тақдирланди.
Танловнинг ёпилиш маросимига бағишланган концерт дастурида республика ва халқаро танловлар лауреатлари ва Ҳарбий мусиқа академик лицейининг дамли ва зарбли чолғулар оркестри томонидан қўшиқлар ижро этилди.
Концерт сўнгида ёш мусиқа ижрочиларга чолғу асбоблари совға қилинди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/fbyO18ubNFk" title="Musiqiy tanlovlar yangi asarlar yaratishga, iqtidorli yoshlarni aniqlashga yordam beradi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, ЎзА