Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа имкониятлари туфайли доим халқаро жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган. Шу маънода минтақада юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли бўлиши табиий.
Қирғизистондаги энг узун туннел транспорт ҳаракати учун очилди
Қирғизистонда жорий йилнинг 1 июнидан ноябригача мамлакат шимоли ва жанубини боғловчи муқобил автомобил йўли очилди, деб хабар бермоқда Kazinform агентлиги.
Қирғизистон Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги маълумотига кўра, йўналишнинг вақтинча очилиши сайёҳлик мавсумида тирбандликни камайтиради. Магистралда кундузи соат 6:00 дан 20:00 гача ҳаракатланишга рухсат берилади. Автотранспорт воситалари учун юк чегараси 11,5 тонна этиб белгиланган.
Қайд этилишича, йўлнинг умумий узунлиги 433 километр. Шундан қарийб 200 километри аввал қурилмаган участка орқали ётқизилган. “Кўк-Арт” туннелининг шимолий ва жанубий томонидаги энг хавфли участкаларида учта йўл ўтказгич кўприги ва иккита қор кўчкига қарши галерея ҳам қурилмоқда.
Қирғизистондаги энг узун туннель Кўк-Арт довонида иккита йўл ўтказгич кўприги билан бирга қурилди. Туннел узунлиги 3,8 километрдан ортиқ, кенглиги 10-14 метр ва баландлиги 8,6 метрни ташкил қилади. Икки қаторли замонавий автомобиль йўлининг кенглиги эса 8,5 метрни ташкил этади. Икки томондан эни 0,75 метр бўлган пиёдалар учун йўлак ажратилган. Магистраль йўлнинг 324-километрида назорат-ўтказиш пункти қуриляпти. Туннель орқали ўтиш учун тўлов транспорт воситаси тури ва тоифасига қараб 100 дан 500 минг сўмгача ўзгаради, дейилади хабарда.
Эъиборлиси, Жалолободдан Балиқчига йўл вақти 13 соатдан 6 соатга қисқарди. Тош ва қор кўчиши хавфи юқори бўлгани учун йўл қиш ва баҳорда ёпилади. Йўналишнинг тўлиқ ишга тушиши 2028 йилга мўлжалланган.
Душанбеда сув фестивали бўлиб ўтди
Тожикистон пойтахтида 4-халқаро сув конференцияси доирасида “Сув фестивали” ташкил этилди.
Фестивалдан кўзланган асосий мақсад сувнинг ҳаётий ресурс сифатидаги қадр-қиммати, шунингдек, тоза ичимлик сувининг асосий манбаси сифатида музликлар аҳамияти тўғрисида хабардорликни оширишдан иборат. Сув ресурсларидан эҳтиёткорлик ва масъулият билан фойдаланиш, уларни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Наврўзгоҳ” маданият ва истироҳат боғида анжуман иштирокчилари ва меҳмонлар Тожикистон тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Тадбир доирасида халқ амалий санъати намуналари, тожик ва жаҳон халқларининг миллий таомлари кўргазмаси намойиш этилди. Конференцияда 30 дан ортиқ давлатдан 2500 дан ортиқ делегатлар иштирок этди.
Қозоғистон 2035 йилгача 8,4 ГВт қувватга эга яшил ишлаб чиқаришни жорий қилмоқчи
Қозоғистон халқаро нефть етказиб бериш йўналиши ва яшил энергия лойиҳаларини ишлаб чиқиш орқали Евроосиёнинг асосий энергетика ва транзит марказидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов Боку энергия ҳафталигининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Ерлан Аккенженовга кўра, Озарбайжон билан ҳамкорлик ва Каспий қувурлари консорциуми орқали нефть экспорти ва етказиб беришни диверсификация қилишни таъминловчи Боку–Тбилиси–Жайҳон йўналишини ривожлантириш Қозоғистон учун устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.
Таъкидланишича, Қозоғистон нефтини БТC қувури орқали ташиш етказиб бериш ҳажмини йилига 1,5 миллион тоннадан 2,2 миллион тоннагача оширишни назарда тутади.
Ялпи мажлисда Қозоғистоннинг 2035 йилгача бўлган янги энергетика стратегияси ва кам углеродли иқтисодиётни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Кам углеродли ривожланиш концепциясига мувофиқ, мамлакат қайта тикланувчи энергия манбаси 8,4 ГВт қувватга эга бўлишни режалаштирмоқда.
Бугунги кунда мамлакатнинг умумий қуввати қарийб 3,7 ГВт бўлган 169 та қайта тикланувчи энергия объекти фаолият кўрсатади. Бу эса электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қарийб 7 фоизини ташкил этади.
Вазир, шунингдек, Қозоғистон Озарбайжон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга ошираётган Каспий яшил энергия йўлаги лойиҳаси аҳамиятини таъкидлади.
– Биз Марказий Осиё ва Европа ўртасида тоза энергия ва замонавий технологияга асосланган янги энергетика кўприги яратмоқдамиз, – деди Ерлан Аккенженов.
Қозоғистон, шунингдек Манғистау вилоятидаги “Hyrasia One” лойиҳасини ишлаб чиқяпти ва чиқиндини камайтириш ва энергетика секторини модернизация қилиш учун тоза кўмир технологиясини жорий қилмоқда.
Ашхободда Туркман гилами фестивали бўлиб ўтди
Туркманистонда анъанавий тарзда май ойи сўнгги якшанбасида нишонланадиган Туркман гиламлари фестивалига бағишланган йирик тантана бўлиб ўтди.

Пойтахтда кенг кўламли кўргазма ва Бутунжаҳон туркман гиламчилари уюшмасининг 26-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда TDH давлат ахборот агентлиги.
Байрам тадбирининг асосий жойи Ашхободдаги Туркман гилами миллий музейи бўлди. Кенг кўргазмада классик расм ва замонавий декоратив-амалий санъат асарлари намойиш этилди.
Очилиш маросимида парламент раҳбарияти, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Туркманистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссия ва халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Кўргазмада “Туркменхали” давлат уюшмаси корхоналари ва хусусий устахоналарнинг ишлари намойиш этилди. Зиёратчиларга классик қўл гиламлари билан бир қаторда қадимий туркман гиламларининг репродукцияларидан ишланган янги бадиий расмлар, шунингдек, тарихий уй-рўзғор буюмлари: чувал, хоржун, килим, намозхон, от жабдуқлари тақдим этилди.
Байрамнинг асосий қисми ҳунармандларни тақдирлаш маросими бўлди. Давлат раҳбарининг фармони билан кўп йиллик фидокорона меҳнати ва соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун 15 нафар гиламдўзга “Туркманистонда хизмат кўрсатган гиламдўз” фахрий унвони берилди.

Куннинг иккинчи ярмида Туркманхали анжуманлар залида Бутунжаҳон Туркман гиламчилар уюшмасининг 26-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда туркманистонлик мутахассис, олим, маданият арбоблари ҳамда халқаро делегатлар иштирок этди. Форум икки бўлим – “Самовий гўзаллик” ва “Тирик афсона” билан давом этди. Иштирокчилар мамлакат ҳудудида кўп асрлик гиламдўзлик анъаналарини асраб-авайлаш, ҳунармандларнинг меҳнат шароитини яхшилаш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш масаласини муҳокама қилдилар. Шу кунларда Туркманистоннинг барча ҳудудларида ижодий учрашув, кўрик-танлов, санъат усталари концерт дастурлари бўлиб ўтди.
Гўзал Сатторова, ЎзА