Мурожаатлар ечим топмоқда
Бугунги кунда аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш устувор вазифалардан бирига айланган. Бу йўналишда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизими томонидан олиб борилаётган амалий ишлар ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, Федерациянинг Зарафшон шаҳар жамиятига фуқаро А. Амонов томонидан оғзаки мурожаат келиб тушди. Унда фуқаро маҳаллий тадбиркорга темир дарвоза тайёрлаб бериш учун буюртма бериб, олдиндан 4 миллион 600 минг сўм тўлов амалга оширгани, тадбиркор эса маҳсулотни 10 кун ичида тайёрлаб беришини билдиргани қайд этилган.
Белгиланган муддатда дарвоза етказиб берилган бўлса-да, унинг сифати ва мавжуд нуқсонлари истеъмолчининг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Мурожаат Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилди. Тадбиркор билан ўтказилган тушунтириш натижасида маҳсулотдаги барча камчиликлар бартараф этилди ҳамда истеъмолчининг хонадонига сифат талабларига тўлиқ жавоб берадиган янги темир дарвоза ўрнатилиши таъминланди.

Яна бир мурожаат эса Нурота туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ижобий ҳал этилди.
Мустақиллик маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Б. йўлланган мурожаатда трансформатор пунктининг 0,4 киловольтли тақсимлаш шкафига ўрнатилган 400 амперли автомат ўчиргич юклама юқорилиги сабабли тез-тез ишдан чиқиб, аҳолига ноқулайлик туғдираётгани маълум қилинган.
Мурожаат белгиланган тартибда тизим мутахассислари иштирокида кўриб чиқилди. Аниқланган носозликлар шу жойнинг ўзида бартараф этилиб, маҳалла аҳолиси учун қулай шароит яратилди.
Бу каби мисоллар мамлакатимизда “инсон манфаати – энг олий қадрият” деган тамойил амалда ўз ифодасини топаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Ҳар бир мурожаатнинг эътиборсиз қолдирилмаслиги, муаммоларнинг қонуний асосда ва тезкорлик билан ҳал этилиши аҳолининг давлат ва жамоат институтларига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
А.Бўриев, ЎзА