Мурожаатлар билан ишлашда очиқлик ва самарадорлик таъминланмоқда
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизими мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.
Мурожаатларни қонунчилик талаблари асосида қабул қилиш, ўз вақтида ва холисона кўриб чиқиш ҳамда уларда кўтарилган масалаларга ечим топиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида жамият ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган брифингда маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳисобот даврида “Ўзкимёсаноат” АЖ ижро аппарати ҳамда тармоқ корхоналарига жами 1090 та мурожаат келиб тушган. Шундан 452 таси оғзаки, 326 таси ёзма ва 312 таси электрон шаклда қабул қилинган.
Келиб тушган барча мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Жумладан, 570 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 359 таси эса ижобий ҳал этилган.
Таъкидланганидек, бу натижалар мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни таъминлаш ҳамда кўтарилган масалаларни амалий ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасини кўрсатмоқда.
Ижро аппаратига келиб тушган мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлилига кўра, энг кўп мурожаатлар Навоий вилояти (56 та), Тошкент вилояти (32 та), Қашқадарё вилояти (15 та), Тошкент шаҳри (11 та), бошқа ҳудудлар ва чет давлатлар (9 та), шунингдек, Фарғона вилояти (6 та) ҳиссасига тўғри келган.
Мурожаатларнинг асосий қисми ишга жойлашиш, минерал ўғитлар хариди, ҳомийлик ёрдами кўрсатиш, ҳамкорлик масалалари, минерал ўғитлар экспорти ҳамда бошқа йўналишларга оиддир.
Шунингдек, ҳисобот даврида ижро аппаратига келиб тушган мурожаатларнинг 101 таси жисмоний, 46 таси эса юридик шахслар томонидан юборилган.
Брифинг якунида қайд этилганидек, мурожаатларни мунтазам таҳлил қилиш, уларда кўтарилаётган масалаларни тизимли ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мурожаатлар билан ишлаш сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА