Lex.uz платформасини модернизация қилиш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди
Мамлакатимизда ҳуқуқий ахборот тизимини рақамлаштириш, фуқароларнинг ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорлар билан олиб борилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти юқори.
Адлия вазирлигида Корея Республикасининг KSP 2025/26 (Билим алмашиш дастури) лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ҳуқуқий ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Адлия вазирлиги, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда Корея делегацияси вакиллари иштирок этди, дейилади вазирлик маълумотида.
Йиғилишда лойиҳа доирасида эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, ҳуқуқий ахборот тизимини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, электрон қонунчилик инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда Lex.uz платформасини модернизация қилиш бўйича ишлаб чиқилган Ахборот стратегияси (ISP) ва уни амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси” тақдим этилди.
Шунингдек, иштирокчилар лойиҳа натижалари, истиқболдаги устувор вазифалар ҳамда янги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашиб, ўз таклифларини билдирди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа Ўзбекистонда замонавий ҳуқуқий ахборот тизимини ривожлантириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда давлатнинг рақамли ҳуқуқий инфратузилмасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
М. Ҳожиакбарова, ЎзА