Муҳим минераллар — янги ўсиш нуқтаси (+видео)
Бугун дунё иқтисодиётида нефть ва газдан ташқари литий, вольфрам, молибден, рений, теллур ва селен каби муҳим минераллар учун ҳам рақобат кучаймоқда. Электромобиллар, сунъий интеллект тизимлари, авиация, мудофаа саноати ва қайта тикланувчи энергетика тараққиёти айнан шу ресурсларга боғлиқ. Шу боис технологик металлар XXI аср иқтисодиётининг стратегик бойлиги сифатида қаралмоқда.
Шу кунларда пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форуми ана шундай истиқболли соҳаларни намойиш этиш учун муҳим майдонга айланмоқда, дейиш мумкин. Форум доирасида “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ мамлакатнинг муҳим минераллар соҳасидаги улкан салоҳияти, йирик инвестиция лойиҳалари ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини тақдим этмоқда.
Корхона экспозициясининг марказида 25 турдаги муҳим минералларни қамраб олган 100 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси турибди. Улар геология-қидирув ишларини кенгайтириш, янги конларни ўзлаштириш, бойитиш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутади. Бу эса Ўзбекистоннинг хомашё етказиб берувчи мамлакатдан юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи давлатга айланиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган режаларга кўра, 2026-2030 йилларда соҳада умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада тармоқ ҳажмини 2028 йилгача 1 миллиард долларга, 2030 йилгача эса 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Жорий йилнинг ўзида 166 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, улар юқори софликдаги янги металлар ишлаб чиқариш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Форумда тақдим этилаётган лойиҳаларнинг яна бир муҳим жиҳати – улар бутун ишлаб чиқариш занжирини қамраб олади. Геология-қидирув ишларидан тортиб, гидрометаллургия ва пирометаллургия технологиялари асосида қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ҳамда глобал таъминот занжирларига чиқишгача бўлган жараёнлар ягона тизим сифатида шакллантирилмоқда. Бу эса халқаро инвесторлар учун узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик имкониятларини яратади.
Тошкент халқаро инвестиция форумида 42 триллион долларлик активларни бошқарувчи компаниялар ва молия институтлари иштирок этаётган бир пайтда муҳим минераллар соҳасидаги мазкур ташаббуслар алоҳида эътибор марказида турибди, чунки бугунги дунёда технологик мустақиллик, саноат рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳияти кўп жиҳатдан айнан муҳим минераллар занжиридаги ўрин билан белгиланмоқда. Ўзбекистон эса мазкур форум орқали нафақат ўз ресурсларини, балки уларни юқори технологияли маҳсулотга айлантириш имкониятини ҳам глобал инвесторларга намойиш этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Zpi6H9H0NKA" title="Muhim minerallar — yangi o‘sish nuqtasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА