Пискентда сунъий интеллект сувни бошқармоқда
Пискент туманида “Марказий Осиёда рақамли ва интеллектуал суғориш (AI-Based Smart Irrigation)” халқаро амалий-инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур ташаббус Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Сув ресурслари вазирлиги ҳузуридаги “Сариқ дарё лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот институти” ҳамкорлигида қилиняпти.

Бугунги кунда лойиҳанинг амалий босқичи доирасида Хитой томонидан етказиб берилган сунъий интеллект асосида ишловчи юқори технологик “ақлли суғориш” ускуналарини ўрнатиш, созлаш ва рақамли бошқарув тизимларига интеграция қилиш ишлари давом этмоқда. Унинг доирасида автоматлаштирилган гидротехник затворлар, сув сатҳи ва босимини кузатувчи рақамли қурилмалар, интеллектуал сенсорли мониторинг тизимлари, автоном метеорологик станциялар, қуёш энергиясида ишловчи бошқарув модуллари ҳамда масофавий маълумот узатиш воситалари жорий этилган.
Хусусан, "Оҳангарон – Далварзин" ирригация тизими бошқармаси ҳудудида қурилаётган 400 метрлик каналга интеллектуал затворлар ўрнатилмоқда. Ушбу қурилмалар сув сатҳи ва сарфини реал вақт режимида кузатиш, сув тақсимотини автоматик бошқариш ҳамда сув йўқотилишини камайтириш имконини беради. Сунъий интеллект алгоритмлари эса сув оқимини таҳлил қилиб, уни энг мақбул тарзда тақсимлашга хизмат қилади.

Хитойлик мутахассислар иштирокида қурилмаларни калибровка қилиш, дастурий таъминотга улаш, рақамли мониторинг платформалари билан синхронлаштириш ва интеллектуал бошқарув тизимларини тест режимида ишга тушириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа нафақат суғориш тизимларини модернизация қилиш, балки сув ресурсларини рақамли мониторинг қилиш, иқлим ўзгариши шароитида сув тақчиллиги хавфларини баҳолаш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Келгусида ушбу технологияларни Ўзбекистон сув хўжалиги соҳасининг ягона рақамли бошқарув платформасига интеграция қилиш режалаштирилган.
А.Мусаев, ЎзА мухбири