Муҳандислик бўйича таълим сифати: иқтисодиёт ривожининг асоси
Жорий йилнинг 20 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда муҳандислик таълимини ривожлантириш бўйича олий таълим муассасалари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари олдида турган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан президент томонидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

- Сўнгги йилларда барча соҳада бўлгани каби олий таълим тизимида ҳам бир қатор кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилиб келинмоқда. Таълим сифатини ошириш, олий таълим муассасалари моддий-техник базасини такомиллаштириш, таълим дастурларини хорижнинг нуфузли ва илғор олий таълим муассасалари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш ҳамда бўлажак кадрларнинг ишлаб чиқаришнинг сўнгги замонавий технологиялари билан ишлай олиш кўникмасини шакллантириш борасида амалий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга алоҳида айтиб ўтиш керакки, сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий йўналишга қаратилган таълим йўналишлари фаолиятини ривожлантириш билан бир қаторда муҳандислик таълими ривожига ҳам алоҳида устуворлик берилмоқда. Кўплаб ёшларнинг келгусида муҳандислик соҳасидаги касбларни эгаллашга бўлган иштиёқи ҳам қувонарли ҳол албатта. Мутахассисларнинг фикрига кўра, келгуси ўн йилликда айнан муҳандислик соҳасига бўлган талаб бугунги кундагига қараганда ўн карра ортади. Албатта бунинг ажабланарли томони йўқ. Чунки бугунги саноатлашган даврда кўплаб соҳаларда талаб қилинадиган тор доирадаги мутахассисларга бўлган талабнинг ортиб бориши билан ифодаланади. Сўнгги вақтларда Президентимиз томонидан имзоланган бир қатор фармон ва қарорларда, ҳукумат даражасида қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларда муҳандислик таълими йўналишларига алоҳида урғу қаратилётганлиги мазкур таълим йўналишида таълим сифатини ошириш ва шу йўналишда етук муҳандис кадрлар тайёрлаш масаласи кун тартибининг долзарб вазифаси эканлигини ўзида ифодаланмоқда.
Муҳандислик кадрлар тайёрлашдаги вазифалар
Бугунги кундаги муҳандислик таълими олдида турган асосий вазифа бу бевосита иқтисодиёт тармоқлари учун амалда қўлланилаётган замонавий илғор технологияларини ишлата оладиган, уларда бевосита технологик жараёнларнинг самарадорлиги ҳамда натижадорлигини оширишга қаратилган қарорларни қабул қила оладиган етук ва малакали муҳандис кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Дарҳақиқат бугунги кунда олий таълим тизимида муҳандислик таълимини ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқлари учун етук муҳандис кадрларни тайёрлаш ҳар бир муҳандислик йўналишидаги олий таълим муассасаларининг олдида турган асосий вазифа ва миссия бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда олий таълим муассасаларида муҳандислик таълими йўналишида таҳсил олаётган талабаларни замонавий ва илғор технологиялар билан тиллаша оладиган, уларни ишлатиш бўйича эгалланган назарий билимларни амалий қўллаш бўйича етарли кўникма ва малакага эга бўладиган даражада кадрларни етиштириш муҳандис кадрлар тайёрловчи барча олий таълим муассасалари олдига бугунги куннинг асосий вазифасидир.
Муҳандислик таълими сифатини ривожлантирувчи омиллар
Маълумки, бугунги кунда дунёда ҳар қандай мамлакатни ривожланишидаги асосий омилларидан бири – бу инсон ресурси бўлиб ҳисобланади. Инсон ресурсининг сифати ва уни қай даражада шаклланиши эса таълим тизимининг ривожланиш даражаси билан ифодаланади. Ҳар қандай давлатнинг илмий-техник тараққиёти ва мамлакатлар билан рақобатга кириша олиши, иқтисодиёт тармоқлари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш кўп жиҳатдан муҳандислик таълимини ривожлантириш даражаси билан белгиланади.
Муҳандислик таълими сифатини ошириш йўналишдаги муаммоларни ечишга қаратилган ёндашув тизимли ва услубий ёндашувни талаб этади. Чунки таълим сифати, хусусан муҳандислик таълим сифати маълум бир бўғиннинг ўзигагина боғлиқ бўлмайди, яъни у таълим дастурларини шаклантириш жараёнидан бошлаб, талабага қўйиладиган малакавий талаблар, шу билан биргаликда талабанинг тармоқ корхонасида меҳнат фаолиятини олиб бориш мақсадида боргунга қадар бўлган даврни тўла ҳолатда маълум бир тизим шаклида ўрганилиши ҳамда мазкур ёндашув асосида ҳар бир бўғиндаги муаммоларни ижобий ечиш орқали умумий ҳолатда муҳандислик таълими сифатини ошириш концепциясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўз навбатида айнан тизимли ёндашув асосида ҳал этилган масалаларни услубий жиҳатдан баҳолаш, уларнинг услубий асосини яратиш эса тизимли ва услубий ёндошувни ўзаро мувофиқлаштириш натижасида якунда тармоқ корхонаси учун сифатли кадр тайёрланиши таъминланади.
Юқорида таъкидланганидек, сўнгги вақтларда ёшлар орасида иқтисодий -ижтимоий соҳага йўналтирилган таълим йўналиши негизидаги ксбларга бўлган мойилликнинг ортиб бориши, битирувчиларнинг келгусида мазкур соҳалар бўйича ўз фоалиятини олиб боришга бўлган қизиқишининг юқорилигини алоҳида эътироф этиш зарур. Албатта бу ижобий ҳолат. Чунки жамият иқтисодий-ижтимоий йўналишдаги билимлар билан биргаликда ривожланган тақдирдагина тараққиётга эришилади. Аммо иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланган ҳамда жамиятни ривожлантиришдаги асосий куч сифатида намоён бўладиган муҳандислик таълимига эътибор бироз сусайгандек эди назаримда. Сўнгги йилларда давлат даражасида муҳандислик таълимини ривожлантириш, умуман муҳандислик таълимига бўлаётган янгича ёндашув, замонавий касбларни эгаллашга йўналтирилган тарғибот ишларини алоҳида таъкидлаш зарур. Олиб борилаётган тарғибот ва умуман ҳолат таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар орасида бугунги кунга келиб айнан муҳандислик таълимига бўлган интилиш, муҳандислик таълими йўналишидаги мутахассис бўлиб етишишга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида эса мазкур соҳада ўқув жараёни дастурларини такомиллаштириш, ёшларни мазкур соҳага бўлган қизиқишларни орттиришга қаратилган тадқиқотларни олиб боришни долзарб қилиб қўяди.
Муҳандислик таълими сифати глобал ривожланиш шароитида
Бугун мамлакатимиз иқтисодиёти жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқларида барча кўрсаткичлар бўйича жадал ўсиш динамикаси кузатилмоқда. 2024 йилнинг 1-чорагида саноат ишлаб чиқариши 6,5%га ўсган (2023 йил январь-март ойларида – 4,1%). Тармоқлар бўйича ишлаб чиқаришнинг қарийб 80%ини ташкил этувчи қайта ишлаш саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 7,1%га, тоғ-кон саноатида 4,9%га, электр таъминоти, газ таъминоти, совитиш тизимлари – 2,9%га, сув таъминоти ва чиқиндиларни утилизация қилишда - 5,8%га ўсиш суръатларини ташкил этган. Албатта бу каби тенденциялар аввало соҳани ривожлантирадиган кадрлар салоҳияти билан баҳоланади.
Иқтисодиёт тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бир қаторда хорижнинг нуфузли корхоналари иштирокидаги қўшма корхоналар сони ва салмоғи ортиб бормоқда. Албатта барқарор иқтисодий ўсиш ҳар қандай инвесторнинг келгусидаги самарали фаолиятини кафолатлаб, мамлакатда уларнинг сони ортиб боришига замин яратади. Бугунги кунда ишлаб чиқариш корхоналарининг технологик қурилмалари таркиби таҳлили шуни кўрсатадики, ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган қурилмаларнинг асосий қисмини илғор ва замонавий энг сўнгги технологиялари ташкил этади. Мазкур технологиялар билан ишлаш кўникмасига эга бўлган маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва технологик мустақилликни таъминлашда ҳам айнан бугун кун тартибининг асосий масалаларидан бирига айланаётган муҳандислик таълими асосий омил бўлиб ҳисобланади. Албатта хорижнинг илғор технологияларини маҳаллийлаштириш масалаларини ҳам айнан малакали муҳандислар амалга оширишини унутмаслик лозим. Шу нуқтаи назардан муҳандислик таълимининг ривожланиши ва унинг сифатининг ошиши мамлакат саноатида технологик мустақилликни ҳам таъминлайди.
Глобаллашув шароитида мухандис кадрлар тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, дунёда техника ва технологиянинг тез суръатлар билан тараққий этиб бориши ва ўзгариши муҳитида маълум муҳандислик соҳасидаги билимларнинг долзарблиги қисқа муддатда йўқолиб бормоқда. Яъни бир йил олдин долзарб бўлган технология бугун ўз ўрнини юқори самаралироқ бўлган кейинги авлод технологиясига бўшатиб бермоқда. Бу эса муҳандис кадрларни тайёрловчи олий таълим муассасалари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Бундай ўзгаришларга мослашмаслик эса ўз навбатида муҳандис кадрлар тайёрлаш жараёнини мураккаблаштиради. Бугунги талабани эскича ўқитиш усуллари билан ўқитиш, унга амалиётда қўлланилмайдиган технологиялар асосида билимларни бериш глобаллашув шароитда ҳалқаро тармоқлар орқали доимий маълумотлар алмашиниш имконига эга бўлган талабани зериктиради ва бу ўз навбатида мазкур таълим дастурлари доирасида ўқув жараёнини сифатини пасайшига таъсир кўрсатади.
Шундан келиб чиққан ҳолатда муҳандислик таълими сифатини оширишда соҳада юз бераётган ўзгаришлар билан ҳамнафасликни таъминлаш ҳамда мавжуд энг сўнгги фан ва технология ютуқларни доимий равишда ўқув жараёнига жорий этиб бориш ҳамда мазкур технологиялар асосида ўқув дастурлари ва ўқитиш усулларини такомиллаштириб бориш зарур. Бу эса ўз навбатида бугунги кундаги муҳандислик таълими йўналишлари талабаларига таълим бераётган профессор-ўқитувчиларга ҳам жуда катта масъулият юклайдики, бу ўз навбатида соҳадаги ўзгаришларга мослашиш, янгиликларни идрок этиш, уларни ўқув жараёнида қўллаш, яъни ўқув жараёнини мавжуд ишлаб чиқариш корхонасидаги технологик жараёндаги янгиликлардан икки-уч қадам олдинда бўлиши – бу муҳандислик таълимини ривожлантиришда асосий омил бўлиб ҳисобланади. Бунда энг аввало профессор-ўқитувчилар малакасини доимий равишда ошириб бориш, уларнинг реал ишлаб чиқариш шароитларида амалиёт/стажировка ўтишлари заруратини долзарб қилиб қўймоқда. Янги замонавий билимларни эгаллаш, илғор технологиялар билан ишлаш бўйича етарли кўникмаларга эга бўлиш, ўқитишнинг интерфаол усуллари асосида дарс машғулотларини ташкил этиш бугунги куннинг асосий талаби бўлиши лозим.
Ишлаб чиқариш ва таълим интергацияси – муҳандислик таълими асоси
Маълумки, барча таълим йўналишларида назарий олинган билимларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашда малакавий амалиёт ўрни муҳим бўлиб ҳисобланади. Талаба назарий билимларни олсаю, уни амалиётда қўлламаса, амалий жиҳатдан уларда маълум бир синов ва тажрибаларни ўтказиш асосида назарий ва амалий билимларни ўзаро таққослаш натижасида ўз билим ва кўникмасини оширмас экан унинг келгусида етук мутахассис бўлишига замин яратилмайди. Айтиш мумкинки, муҳандислик таълимини ривожланишининг асосий устунларидан бири – бу малакавий амалиёт бўлиб ҳисобланади. Малакавий амалиётлар реал шароитларда тармоқ корхоналарнинг талабидан келиб чиққан ҳолатда сифатли ташкил этилсагина у ўз функциясини тўлиқ бажаради. Ўз навбатида узлуксиз малакавий амалиётларнинг ташкил этилиш жараёнлари нафақат олий таълим ташкилотининг вазифаси, балки тармоқ корхонаси учун бирдай манфаатли бўлиб, малакавий амалиётларни ташкил этишда талабалар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, малакавий амалиётнинг ҳар бир дақиқасини самарали ташкил этиш тармоқ корхонаси учун тайёрланаётган кадрлар сифатининг ошишига ҳамда келгусида ишлаб чиқариш корхоналари учун етук кадрлар банкининг яратилишига хизмат қилади
Юқорида таъкидланганидек, муҳандислик таълими сифатини оширишда, уни ривожлантиришда олий таълим ташкилотлари билан бир қаторда ишлаб чиқариш корхоналарининг фаоллиги ҳамда ўзаро ҳамкорлиги бўлган тақдирдагина кўзланган мақсадга эришилади. Чунки корхона ўз эшикларини очмас экан, талабаларни бугунги кунда амалиётда фойдаланилаётган технологик қурилмалар, асбоб ускуналар, шу билан биргаликда мавжуд техник ва дастурий таъминотлар билан танишишга имконият яратиб, синов майдончасини ўташ учун шароитлар яратмас экан, олий таълим ташкилотида берилаётган назарий билимлар амалий жиҳатдан мустаҳкамланмайди. Шу билан биргаликда келгусида ишлаб чиқариш корхонасига мутахассис борганида, ишлаб чиқариш корхонаси масъулларининг талабалар билим ва кўникмасидан етарли даражада қониқмаслигига сабаб бўлади. Шу нуқтаи назардан, мазкур жараёнга ишлаб чиқариш корхоналарини кенг жалб қилиш, ўқув жараёни ташкил этишда, мавжуд меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда/такомиллаштиришда уларнинг фаол иштироки ҳамда масъулиятини ошириб боришни таъминлаш ўз навбатида ишлаб чиқариш ва таълим интеграциясини амалий жиҳатдан йўлга қўйишга замин яратилади.
Муҳандислик таълими сифатини ошириш, ўқитиш усулларини такомиллаштириш тўғрисида сўз борар экан, албатта бу жараёнларни фандан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Чунки, барча таълим жараёнларида, айниқса муҳандислик таълимида фаннинг ўрни ниҳоятда юқоридир. Фаннинг ривожланиши ўз навбатида муҳандислик таълими ривожланишига олиб келади. Муҳандис кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида фанга, илмга бўлган эътибор инновацион ишланмаларнинг амалиётга жорий этилиши бу муҳандислик таълимининг илм-фан билан ҳамоҳангликда ривожланишига, унинг сифатининг ошишига замин яратади ва шу нуқтаи назардан муҳандислик таълимини ривожланишини илм фаннинг ривожланишисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, муҳандислик таълими сифатининг таъминланиши ҳамда мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши ўртасида корреляция мавжуд бўлиб, бир бирисиз тараққий этмайди. Саноат 4.0. инқилоби даврига инсоният муҳандислик таълимини ривожлантирибгина мослаша олади. Замонавий дастурий ва техник воситалардан фойдаланишнигина эмас, уларни яратиш, мавжудларини такомиллаштириш ва ривожлантириш кўникмаларига эга бўлган авлод тарбиялашда муҳандислик таълими асос вазифасини бажаради. Муҳандислик таълими йўналишида кадрлар тайёрловчи олий таълим ташкилотлари олдида турган асосий вазифа ҳам айнан шу сифатни таъминлаш ва нафақат маҳаллий, балки халқаро майдонда рақобатбардош бўлган муҳандис кадрлар тайёрлашдир. Ўйлайманки, мазкур йўналишда давлат сиёсати даражасида олиб борилаётган ислоҳотлар бу вазифаларни ўз вақтида масъулият билан сифатли бажаришга етарли имкон беради.
Икромжон Раҳмонов
Тошкент давлат техника университети
кафедра мудири, техника фанлари доктори, профессор