Муаммоларга жойида ечим изланди
Аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш, фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш ва уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўриш — давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири. Ховос туманидаги Бўстон маҳалласида ташкил этилган оммавий сайёр қабул ҳам ана шу мақсадга қаратилди.
Унда туман ҳокими Қомус Йўлдошев, туман прокурори Фахриддин Раҳимов, туман ИИБ бошлиғи Авазбек Тўрақулов ҳамда туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари Шерзод Умуров иштирок этишиб, фуқароларнинг мурожаат ва таклифларини тинглашди.

Очиқ мулоқот давомида маҳалла аҳолисига кўрсатиладиган коммунал хизматлар сифати, ичимлик суви таъминоти, йўл инфратузилмаси, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор масалаларни кўтарди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида кўриб чиқилиб, муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Сайёр қабулда фуқароларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш, уларнинг ечимини асоссиз кечиктирмаслик ва мурожаатлар ижросини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Айрим масалалар бўйича амалий чоралар белгилаб олинган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар масъулларга йўналтирилди.


Қабул давомида фуқароларнинг меҳнат фаолияти ва кундалик турмуш шароитларига доир масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. Жумладан, маҳалла аҳолисидан Марғуба Абдуллаеванинг гўзаллик салонидаги шароитларни яхшилаш мақсадида унга иситиш жиҳозлари олиб бериш белгиланди. Шунингдек, маҳалладаги 24 та хонадонни ўз ичига олган иккита кўп қаватли уй ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий кўмак кўрсатишга келишилди.


Учрашувда маҳаллани ободонлаштириш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли учун қулай шароитлар яратишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири