Муаммолар жойида ўрганилди
Обод маҳалла, энг аввало, одамлар дарди эшитиладиган, муаммоларга жойида ечим топиладиган ҳудуддир. Президент ташаббуси билан эълон қилинган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида Сирдарё туманидаги Тинчлик маҳалласида ташкил этилган ўрганишлар ҳам айнан шу тамойил асосида ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аҳоли хонадонларига ташриф буюриб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглади, санитария-гигиена ҳолатини ўрганди ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилади.
Бугунги кунда Тинчлик маҳалласида 3 минг 770 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 784 та хонадон, 870 та оила ва 16 та кўп қаватли уй мавжуд. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож 45 та оила доимий назоратга олинган.
Хонадонларга ташрифлар давомида санитария-гигиена ҳолати, ичимлик сувидан фойдаланиш маданияти, ҳовли ва кўчаларнинг озодалиги, ободонлаштириш ишлари ҳамда аҳолининг яшаш шароитлари атрофлича ўрганилди. Ҳар бир мурожаат юзасидан масъул ташкилотлар иштирокида амалий чоралар белгиланди.
Жорий йилнинг 28 июл ҳолатига кўра, маҳалладаги 471 та хонадон хатловдан ўтказилди. Ўрганишлар натижасида фуқаролар томонидан билдирилган 44 та мурожаат ижобий ҳал этилди. Бу эса аҳоли билан ишлашда мурожаатларни шунчаки қайд этиш эмас, балки уларга тезкор ва амалий ечим топишга устувор аҳамият қаратилаётганини кўрсатади.

Тадбир доирасида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари томонидан кенг қамровли тарғибот ишлари ҳам олиб борилди. Аҳолига мавсумий ва юқумли касалликларнинг олдини олиш, шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига қатъий риоя этиш, маиший чиқиндиларни белгиланган тартибда чиқариш, ичимлик сувидан хавфсиз фойдаланиш, шунингдек, хонадон ва кўча ҳудудларини озода сақлаш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Маҳалладаги тадбиркорлар ҳам ушбу хайрли ташаббусга муносиб ҳисса қўшди. Улар томонидан ирригация тармоқлари ва лотоклар тозаланди, ариқ-зовурлар чиқиндилардан холи этилди ҳамда ҳудудни янада обод қилишга қаратилган амалий ишлар амалга оширилди.
— Бугун фақат санитария ҳолатини баҳолашнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш ва муаммоларни жойида ҳал этишдир. Чунки соғлом турмуш муҳити ҳар бир хонадондан бошланади. «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида амалга оширилаётган ишлар санитария маданиятини юксалтириш, касалликлар профилактикасини кучайтириш ҳамда маҳаллаларни янада обод этишга хизмат қилмоқда. Бу ташаббус бир ойлик тадбир эмас, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган узлуксиз жараён сифатида давом этади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов.
Дарҳақиқат, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш нафақат сифатли тиббий хизматга, балки ҳар бир маҳаллада санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиниши, тозалик ва ободлик муҳитини таъминлашга ҳам бевосита боғлиқ.
Тинчлик маҳалласида амалга оширилган бу каби ишлар Президент ташаббуси билан бошланган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги»нинг мазмун-моҳиятини ҳаётга изчил татбиқ этиш баробарида, инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги натижасини яққол намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири