Мовий кошинлар жилвасида халқаро анжуманлар марказига айланаётган Хива шаҳри
Президент ташрифидан сўнг...
Бир отахон Хиванинг тарихий кўчаларида миллий ҳунармандчилик буюмларини сотяпти. Унинг сайёҳлар билан инглиз ва рус тилларида эркин гаплашаётганини кўриб, эътиборсиз ўтиб кета олмадик.
Бу ҳолатга ҳайрат билан қараган ҳамроҳим тўлқинланиб кетди.
– Хивага меҳмон кўп келаяптими? – дейди у француз тилида отахонга синовчан назар ташлар экан.
Шу маҳмадоналигинг шартми дегандай дўстимни енгилгина туртиб қўйдим. Вазиятни тез англаган мўйсафид эса бироз жилмайиб қўйди ва вазмин, лекин ишонч билан ўша берилган савол тилида жавоб бера бошлади.
– Охирги тўққиз йилда Хоразмда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилди. Натижада меҳмонхона фондимиз тўрт баробар ошди. Яна ўндан ортиқ янги туризм маскани ишга туширилди. Сўнгги беш йилда эса хорижий сайёҳлар сони ўн карра кўпайди, – деди ва қўлимизга бежиримгина лавҳни тутқазди.
Биз икки нарсадан лол эдик. Наҳотки, отахон французчани ҳам яхши билади? Наҳотки, яқин йилларда ҳам бу заминга келаётган сайёҳлар сони бугунгидан ўн марта кам бўлган?!
Сотувчининг таъкидлашича, ўша пайтлар Хоразмга баҳор ва кузда – бир-икки ой меҳмон кўп келган. Бошқа пайтлар анча жимлик кузатилган. Кўчалар бугунгидай исталган фаслда меҳмонлар билан гавжум бўлмаган.

Дарҳақиқат, ҳудудда туризм инфратузилмаси ривожланиши мана шундай жўшқин яшаш тарзига, инсонларнинг қувноқ кайфиятига кўчди.
Жаҳон тажрибасига назар ташласак, тарихий ҳудудларида сайёҳлар оқимини тўғри бошқара олмагани сабабли инфратузилмани зўриқтириб қўйган шаҳарлар ҳам кўп учрайди. Хоразмда эса бу масалада тамомила оқилона ва пухта ўйланган стратегик ёндашув қўлланилмоқда.
Халқаро майдонда нуфузли анжуман, кўргазма, бизнес ва маданий форумлар туризми деган муҳим йўналиш мавжуд. Швейцариянинг Давос ёки Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳарлари айнан мана шундай нуфузли тадбирлар орқали йил давомида узлуксиз сайёҳлар ва инвестициялар оқимини таъминлайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 30 апрелдаги тегишли ҳужжати асосида Хивада учта йирик объект барпо этилди. Шу йилнинг 17 август куни Президент Шавкат Мирзиёев ушбу Конгресс-холл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйи мажмуалари билан шахсан танишган эди.

Келинг, ушбу объектларнинг иқтисодий ва ижтимоий салмоғига чуқурроқ назар ташлайлик.
Конгресс-холлнинг умумий майдони 1,9 гектар бўлиб, лойиҳага 857 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилган. У замонавий премиум услуб ва Хоразм миллий меъморчилиги элементларини ўзида мужассам этган. Халқаро анжуманлар, бизнес-конференциялар, ҳукуматлараро музокаралар ва маданий форумларни юқори савияда ўтказишга мўлжалланган. Мажмуа атрофида кенг яшил ҳудудлар ва хиёбонлар барпо этилди.
Конгресс-холлга туташ ҳудудда эса 169 миллиард сўм қийматга эга, 1,6 гектар майдонда уч юлдузли меҳмонхона барпо этилди. У ҳам анжуман иштирокчилари ва сайёҳларга юксак қулайлик яратади. Тўрт қаватли ушбу меҳмонхонада 310 ўринга мўлжалланган 156 та хона, кенг вестибюль, ресепшн, ресторан-бар, болалар хонаси ва терраса мавжуд. Шарқона меҳмондўстликни замонавий веллнесс-маданият билан уйғунлаштирган ҳолда, бу ерда ёпиқ бассейн ва фитнес зоналари ҳам ташкил этилгани сайёҳларнинг оилавий ва узоқ муддатли дам олиши учун кенг шароит яратади. Энг эътиборлиси, бу ердан Конгресс-холлга, “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғига ва ҳунармандлар расталарига яшил сайр йўлаклари орқали бир неча дақиқада пиёда етиб бориш мумкин.

Бундан ташқари, 2 гектар майдонни эгаллаган “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйи расмий тадбирлар ва хорижий делегацияларни қабул қилишда воҳанинг ўзига хос ташриф қоғозига айланмоқда. Бино меъморчилигида Хоразмга хос маҳобатли ёғоч ўймакорлиги устунлари, ганчкорлик санъати ва кўк-фируза рангли кошинлардан маҳорат билан фойдаланилган. Унинг атрофида воҳанинг бой тарихини акс эттирувчи фотокўргазмалар ва миллий ҳунармандчилик устахоналари фаолиятининг йўлга қўйилгани келаётган меҳмонларда ўзбек халқининг бой маданий мероси ҳақида унутилмас таассурот қолдиради.
Ушбу учта йирик объектнинг ишга туширилиши аниқ иқтисодий кўрсаткичларга асосланган стратегик муваффақиятдир. Натижада қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратилиши, йилига 50 минг нафар сайёҳга меҳмонхона хизмати кўрсатилиши ва хизматлар экспортининг 4 миллион долларга етказилиши мақсад қилинган. Янги иш ўринларида асосан маҳаллий ёшлар ва хотин-қизлар меҳнат қилиб, ўз оиласи бағрида доимий ва муносиб даромад манбаига эга бўлмоқда.

– Президентимиз таъкидлаганларидек, қадимий Хоразм заминида Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик, тараққиёт ва янгиланиш руҳи тобора яққол намоён бўлмоқда, – дейди Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов. – Давлатимиз раҳбарининг ушбу мажмуалардан самарали фойдаланиш, Хивада йирик халқаро тадбирларни кўпайтириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш бўйича берган кўрсатмалари воҳа иқтисодиёти барқарор ўсишига хизмат қилади. Хоразм туризмининг навбатдаги ва энг муҳим босқичи сайёҳларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтиришдир. Шунингдек, “Ичан-қалъа” музей-шаҳрига тушаётган ортиқча туристик юкламани камайтириш мақсадга мувофиқ. Одатда сайёҳлар Хивага келиб, фақат тарихий қалъани бир кун ичида айланиб чиқиб кетган бўлса, эндиликда уларни воҳада бир неча кун ушлаб қоладиган янги йўналишлар ва замонавий масканлар зарур. Шу нуқтаи назардан, Хивада барпо этилиши режалаштирилган ва Президентимизга тақдимот қилинган “Вазир шаҳри” лойиҳаси ўзининг концептуал теранлиги билан ажралиб туради.
Таъкидланишича, умумий майдони 12,3 гектар бўлган ушбу шаҳарча тарихий мерос ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини мужассам этади. Энг эътиборли жиҳати, унинг меъморий концепцияси 1511 йилда Хива хонлигининг илк пойтахти бўлган қадимий Вазир шаҳрининг тарихий тузилиши ва кўчалар тармоғига асосланган. Бу аждодларнинг бой шаҳарсозлик анъаналарини замонавий талқинда қайта тиклаш, тарихнинг руҳини бугунги кунга кўчириш деганидир.

Ушбу мажмуада меҳмонхоналар, тарихий ва замонавий экспонатлар намойиш этиладиган музей, миллий ва халқаро таомлар ресторанлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади. Ҳудуднинг салмоқли қисми яшил майдонлар ва сайр йўлакларига ажратилиб, шаршарали фавворалар ҳамда ички ариқлар ташкил этилади.
Бу мажмуа автомобиллар ҳаракатидан холи бўлиб, сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун пиёда сайр қиладиган тинч ҳудудга айланади. Лойиҳа доирасида яна минглаб янги иш ўринлари яратилиши ва хизматлар тури кенгайиши кўзда тутилган.
Хоразмда транспорт-логистика инфратузилмаси изчил ривожланаётгани, тезюрар поездлар ва замонавий автомагистраллар йўлга қўйилаётгани сайёҳлар оқими янада кўпайишига замин яратмоқда. Бу эса, ўз навбатида, сайёҳлик хизматларини диверсификация қилиш, яъни фақат тарихий-зиёрат туризми билан чекланиб қолмай, экологик, этнографик ва соғломлаштириш туризмини тенг ривожлантиришни талаб этади.
Хоразм бугун қадим тарих, замонавий цивилизация, халқаро мулоқот ва юксак тараққиёт марказига айланмоқда. Асрлар давомида сайқал топган мовий кошинлар жилваси эндиликда замонавий конгресс-холлар, “яшил” технологик шаҳарчалар ва юксак хизмат кўрсатиш маданияти билан уйғунлашди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси