“Миздакхон” муқаддас ва сирли маскан
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида “Миздакхон” муқаддас ва сирли маскан” номли учинчи халқаро фестиваль ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб миллий ҳунармандчиликнинг гиламчилик соҳаси бўйича ўтказилаётган кўрик-танловда иштирок этди ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар билан танишди.
Фестиваль доирасида “Маданий хабардорликни ошириш ва экологик барқарор туризмни ривожлантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари А.Ҳамзаев, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари, Хитой, Малайзия, Индонезия экспертлари ва талаба ёшлар иштирок этди.

Иштирокчилар Оролбўйида тарихий жойларнинг кўплиги, унга дунё кенг жамоатчилигининг эътибори ортиб бораётганлиги, айниқса, Хўжайли тумани ҳудудида жойлашган “Миздакхон” маданий мерос мажмуаси ўзига хос кўринишга эга тарихий ёдгорлик эканлигини таъкидлади. Хориждан ташриф буюрган иқтисодчи, эколог, археолог ва туризм бўйича мутахассислар ўз маърузаларида Қорақалпоғистонда туризм ва экологияни янада яхшилаш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Халқаро фестиваль иштирокчилари “Миздакхон” тарихий мажмуаси билан яқиндан танишди. Саёҳат давомида меҳмонлар очиқ осмон остидаги икки ярим минг йиллик даврга оид манбаларни томоша қилиб, ўзларида яхши таассурот қолдирди. Шундан сўнг, туман ҳудудида жойлашган “Пирим эшон бобо” жоме масжидида бўлиб, ҳазрати Асқар Эшонбобо мақбарасини ҳам зиёрат қилди.
Фестиваль доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ва туман ёшлари иштирокида шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди.

Хўжайли туманидаги муҳташам Амфитеатрда фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими ҳамда гала-концерт дастури бўлиб ўтди.
Фестиваль доирасида ўзининг фаоллиги ва илмий-ижодий салоҳияти билан ажралиб турган иштирокчилар университет раҳбарияти томонидан махсус сертификатлар ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Тадбирнинг бадиий қисми бўлган гала-концерт дастури эса кечага ўзгача шукуҳ бағишлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.