Хотира — муқаддас, қадр — абадий
Ушбу эзгу ғоя инсонни ўтмишни унутмасликка, аждодлар хотирасига ҳурмат билан қарашга ва тарих олдида масъулиятни ҳис этишга чорлайди.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ходимлари Гулистон шаҳрида жойлашган Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташриф буюрдилар. Ушбу ташриф оддий танишув эмас, балки халқимиз тарихининг энг оғир ва изтиробли саҳифалари билан юзма-юз туриш, ўтмишдан сабоқ олиш ва хотирани ёд этишга қаратилган чуқур маънавий учрашув бўлди.
Гулистон давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи миллатимизнинг мураккаб тарихий жараёнларини ўзида мужассам этган, тарихий адолатни тиклашга хизмат қилаётган муҳим маънавий масканлардан биридир. Бу ерда халқимиз бошидан кечирган мустамлакачилик сиёсати, ижтимоий тазйиқлар ҳамда сиёсий қатағонлар даври ҳужжатлар, фотосуратлар ва ноёб экспонатлар орқали жонли тасвирланган.
[gallery-29023]
Музей экспозицияларида Туркистоннинг чор Россияси томонидан босиб олиниши, XX асрнинг 20-30-йилларидаги “қулоқлаштириш” сиёсати, оммавий қатағонлар ҳамда мустақиллик учун курашган фидойи ватандошларимизнинг тақдири кенг ёритилган. Шунингдек, “халқ душмани”, “ватан хоини” каби ноҳақ тамғалар остида жабр кўрган минглаб инсонларнинг ҳаёти ва фожиали қисмати тарихий далиллар асосида намойиш этилади.
Ташриф давомида Адлия бошқармаси жамоаси музей залида сақланаётган архив ҳужжатлари, шахсий буюмлар, нодир китоблар ва фотосуратлар билан яқиндан танишиб, қатағон қурбонларининг ҳаёти, уларнинг илмий ва маънавий мероси ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар. Мутахассислар томонидан берилган изоҳлар эса иштирокчиларда тарихий хотирага нисбатан чуқур ҳурмат ва масъулият туйғусини янада мустаҳкамлади.
Маълумки, ушбу музей Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ташкил этилиб, 2019 йилдан бошлаб ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Музей фондида 1860 йилдан 1990 йилларгача бўлган даврда қатағон қилинган шахслар ҳаётига оид кундаликлар, ёзишмалар, архив материаллари ҳамда илмий тадқиқотлар жамланган.
– Бундайин ташрифлар ёш авлодда тарихий хотирани мустаҳкамлаш, миллий ўзликни англаш ва аждодлар хотирасига ҳурмат руҳини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Дилноза Умрзоқова.
Дарҳақиқат, Қатағон қурбонлари хотираси музейи халқимизнинг оғриқли ўтмишини ёдга солиб, уни унутмаслик, хатолардан тўғри хулоса чиқариш ва тарихни асраб-авайлашга хизмат қилаётган муқаддас маънавий маскан сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА