Мирзачўл қовунлари жаҳон бозорида
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида етиштирилган қовунларни йиғиб-териб олиш, саралаш ва экспортга тайёрлаш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Далаларда пишиб етилган ҳосилни белгиланган талаблар асосида саралаб, қадоқлаб, махсус транспорт воситаларида ташқи бозорларга жўнатилмоқда.
Мирзачўл заминида етиштириладиган қовунлар ўзига хос таъми, хушбўйлиги, серширалиги ва юқори сифати билан нафақат мамлакатимиз истеъмолчилари, балки хорижий харидорлар орасида ҳам катта эътироф қозонган. Табиий иқлим шароити, деҳқончилик анъаналари ва агротехник тадбирларнинг пухта ташкил этилгани маҳсулотнинг рақобатбардошлигини янада оширмоқда.


Ҳосилни экспортга тайёрлаш жараёнида маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қовунлар ташқи кўриниши, вазни ва сақланиш хусусиятларига кўра сараланиб, экспорт талабларига мос равишда қадоқланмоқда. Бу эса маҳсулот узоқ масофаларга етказиб берилганда ҳам унинг кўриниши ва сифатини сақлаб қолинишига эришилмоқда.
Мирзачўл туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, ташқи бозорларда миллий маҳсулотлар улушини ошириш, шу орқали фермер ва деҳқонлар даромадини кўпайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Экспорт географиясини кенгайтириш, логистика тизимини такомиллаштириш ва ташқи бозорлар талабига мос маҳсулот етиштириш бу борадаги устувор вазифалардан саналади.


Сўнгги йилларда мамлакатимизда мева-сабзавот экспортини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистон қовуни Марказий Осиёнинг энг машҳур полиз маҳсулотларидан бири сифатида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Белорусь, Болтиқбўйи давлатлари ҳамда бошқа қатор давлатлар бозорларига мунтазам етказиб берилмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, уларни халқаро стандартлар асосида саралаш ва ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар миллий экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мирзачўл деҳқонларининг фидокорона меҳнати билан етиштирилган ширин ва хуштаъм қовунлар бугун нафақат ички бозор дастурхонларини безамоқда, балки юртимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, миллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги нуфузини мустаҳкамлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири