Хитой селекциясига мансуб ғўза навлари маҳаллий шароитда кўпайтирилмоқда
Уруғчиликни ривожлантириш маркази ахборот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилда мамлакатимизга Хитой селекциясига мансуб "MG–02" ва "MG–26" ғўза навларининг уруғлик материали олиб келиниб, уларнинг юқори авлодли уруғликларини маҳаллий шароитда тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Тошкент вилояти Бекобод туманидаги далаларда ушбу навларнинг вегетация жараёни кузатилди. Ўрганишлар давомида мазкур навлар бошқа хорижий навларга нисбатан кўсакларининг йириклиги ҳамда кўсаклар сонининг кўплиги билан ажралиб тураётгани қайд этилди.
Уруғчиликни ривожлантириш маркази бўлим бошлиғи Илҳомжон Эгамбердиев таъкидлашича, "MG–02" ва "MG–26" навлари юқори ҳосилдорлик салоҳияти ҳамда сифатли уруғлик тайёрлаш имконияти билан аҳамиятли. Айни пайтда ушбу навлар келгусида республиканинг турли ҳудудларида сифатли уруғлик базасини шакллантириш мақсадида кўпайтирилиб, уларнинг агротехник хусусиятлари ва маҳаллий иқлим шароитига мослашуви мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
Г.Бобоева,
ЎзА