Миллий метрология институти халқаро тадбирга мезбонлик қилмоқда
Тошкент шаҳрида вақт ва частота метрологияси соҳасидаги халқаро мутахассисларни бир майдонга жамлаган "BIPM–COOMET UTC Summer School" халқаро ёзги мактаби ўз ишини бошлади.
28 сентябрь куни Ўзбекистон миллий метрология институти мезбонлигида старт олган мазкур халқаро тадбир “Bureau International des Poids et Mesures”, “COOMET TC 4”, “Information and Training” ҳамда Ўзбекистон миллий метрология институти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Тадбирга “IEEE UFFC” ҳомийлик қилмоқда.

Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган халқаро ёзги мактабда 25 та хорижий мамлакатдан 31 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Уларнинг 11 нафари вақт ва частота метрологияси йўналишида халқаро эксперт ва лекторлар сифатида иштирок этаётган бўлса, 20 нафар мутахассис мазкур йўналишдаги билим ва амалий кўникмаларини оширмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади — “UTC” ва “UTC(k)” вақт шкалаларини яратиш, солиштириш ва узатиш, юқори аниқликдаги вақт ва частота ўлчашларини амалга ошириш ҳамда уларнинг метрологик кузатувчанлигини таъминлаш бўйича замонавий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш.


Ёзги мактаб дастуридан “UTC” ва “UTC(k)” вақт шкалалари, атом соатлари, “GNSS” орқали вақт ва частотани узатиш, метрологик кузатувчанлик, ўлчаш ноаниқлигини баҳолаш, статистик таҳлил ҳамда замонавий вақт-частота технологияларига бағишланган маърузалар ва амалий машғулотлар ўрин олган.
Уч кун давомида иштирокчилар халқаро экспертлар билан тажриба алмашиш, соҳадаги замонавий ёндашувлар билан танишиш ҳамда вақт ва частота метрологиясига оид амалий билимларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлади.

“BIPM–COOMET UTC Summer School” 28–30-сентябрь кунлари давом этади. Мазкур халқаро тадбир вақт ва частота метрологияси соҳасида халқаро илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда миллий метрология институтлари мутахассисларининг касбий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА