Аҳоли шовқиннинг зарарли таъсиридан қандай ҳимоя қилинади?
Шовқин инсон саломатлиги, руҳий ҳолати ва меҳнат қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. 2026 йил 9 сентябрдаги “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримова қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Шовқиннинг зарарли таъсири меъёрларини назарда тутувчи 7 та санитария нормаси ва қоидаси амал қилса-да, қонунчиликда бу борада қатъий талаблар белгиланмаган эди. Оқибатда ушбу санитария нормалари ва қоидаларига сўзсиз риоя этилиши таъминланмаган.

Бундан ташқари, қонунчиликда инсон саломатлиги учун зарарли бўлган ва рухсат этилган даражадан юқори шовқин келтириб чиқараётган объектларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масалалари тўлиқ ва аниқ белгиланмаган.
Шу сабабли, зарарли шовқин ҳолатларини тартибга солишда бир қатор қийинчиликлар юзага келган ҳамда аҳоли орасида мазкур ҳолатлар юзасидан турли шикоятлар сони ортган.
“Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бу борада ваколатли орган сифатида белгиланди. Улар Ички ишлар, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда фаолият юритади.
Қонунда шовқин таъсирининг меъёрлари, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатлар, бундай ҳолатларга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига транспорт воситалари ва бошқа қатнов воситалари ҳамда қурилмаларини олиб кириш ва уларнинг кириб келишига қўйиладиган талаблар, шунингдек, атроф табиий муҳитига шовқин орқали зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари ҳам белгиланди.
Қонунда белгиланган тартибга кўра қуйидаги вақт оралиғида шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ шовқин чиқариш орқали фуқароларнинг осойишталигини бузишга йўл қўйилмайди: иш кунлари – соат 23:00 дан 07:00 гача; дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари – соат 22:00 дан 09:00 гача.
Шовқиннинг зарарли таъсирини баҳолаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Ушбу қонун талаблари табиий шовқинларга - миллий қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қўриқлаш хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш натижасида юзага келадиган шовқинларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Миллий байрамлар, оммавий спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш натижасида юзага келадиган шовқинлар ҳам қонун талаблари доирасига киритилмайди.
Қонун билан аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Фуқароларнинг осойишталиги таъминланиб, уларни зарарли шовқинлар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар кучайтирилади.
Зарарли шовқинлар устидан таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати ташкил этилади. Шунингдек, зарарли шовқинларни бартараф этиш ва уларнинг таъсирини камайтиришга қаратилган механизмлар жорий этилади.
Муҳими, шовқиннинг инсон саломатлигига салбий таъсири камайтирилади. Натижада аҳоли ўртасида юрак-қон томир касалликлари, асаб тизими бузилишлари, стресс ва бошқа салбий ҳолатларнинг камайишига эришилади. Шовқин оқибатида аҳоли саломатлигига етказиладиган зарар билан боғлиқ иқтисодий йўқотишлар ҳам камаяди.
Шаҳарсозлик ва ҳудудларни режалаштиришда шовқин омилини ҳисобга олиш амалиёти кучаяди. Бунда замонавий шовқинни камайтирувчи технологиялар ва қурилиш материалларини жорий этиш рағбатлантирилади.
Шовқинни тартибга солиш бўйича ваколатли органларнинг вазифалари аниқ белгиланди. Бу давлат назорати ва мониторинги самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шовқин даражаларини ўлчаш, баҳолаш ва назорат қилишнинг ягона тизими шакллантирилади.
Мазкур қонун талабларини бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинади. Ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда, фуқароларга БҲМнинг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.
Қонун шовқин манбалари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини ошириш орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада самарали таъминлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2026 йил 11 декабрда кучга киради.
Норгул Абдураимова,
ЎзА