Мигрантлар учун қонуний иш ўринлари яратилмоқда
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Қашқадарё вилоят филиали томонидан ОАВ вакиллари иштирокида меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ва хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жорий йилда соҳага доир амалга оширилган ишлар мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланишича, жорий йил давомида 16 та хорижий давлатнинг 221 та иш берувчи ташкилоти билан музокаралар олиб борилган ва шартномалар имзоланган.

Иқтисодий ривожланган давлат иш берувчиларида фуқароларни ишга жойлаштириш учун 142 мингта иш ўрни аниқланган.
Европа давлатлари билан ҳамкорликда 100 мингдан ортиқ иш ўрнига фуқароларни жалб қилиш бўйича 30 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.

Мисол учун, Германиянинг 16 та иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан 50 мингга яқин фуқароларни тиббиёт, ҳайдовчилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғридан тўғри ва Аусбилдунг (дуалтаълим) асосида ишга жалб қилинмоқда. Уларга ўртача 2,1 минг доллар иш ҳақи таклиф қилиняпти.
Вилоятда меҳнат миграцияси соҳасини такомиллаштириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқани янада кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Қобилов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 14-19 март кунлари Германияга бориб келди.

Ташриф мобайнида таълим, миграция масалаларида қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Германиянинг тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган учрашувлар натижасида бир нечта компаниялар раҳбарлари билан ишчи кучини жалб қилиш, Аусбилдунг (дуалтаълим) борасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Жумладан, вилоят делегацияси томонидан Германиянинг “Авестос” компанияси билан ҳамкорлик келишувига асосан жорий йилда вилоятимизда тажриба-синов тарзида немис ўқув дастурлари ва технологиялари асосида Ғузор тумани ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган 1-сонли касб-ҳунар марказларида Германиянинг профессионал касб-ҳунар мактаби барпо этилади.

Ушбу ташкил этилаётган касб-ҳунар мактабини асосий мақсади жаҳон талабларига жавоб берадиган ёш кадрларни тайёрлаш ва профессионал кўникмаларни улашишдан иборат.
Ўқув мактабида немис тили ва касб-ҳунарлар, жумладан, машинасозлик, хизмат кўрсатиш, қурилиш соҳаларида малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда уларни Германияга ташкилий тарзда ишга юборишга эришилади.

Шунингдек, “Клетт Групп” корпорацияси билан ҳамкорликда вилоятда немис тилига ихтисослашган хусусий боғча ва мактаб ташкил қилинади. Дастлаб, немис томони ва маҳаллий тадбиркор инвестициялари ҳисобидан Қарши шаҳрида хусусий 1 тадан боғча ва мактаб фаолияти йўлга қўйилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири