Метрода 6 ойда 155 миллиондан ортиқ йўловчи ташилган
Бугун пойтахтимиз Тошкент шаҳрида аҳоли ва меҳмонлар учун қулай шароитлар яратиш, жамоат транспортидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида тизимли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Одамларнинг узоғини яқин қилишда, хавфсиз, қулай ва тезкор жамоат транспортидан фойдаланишларида метро хизмати алоҳида ўрин тутади.
Сўнгги йилларда Тошкент метрополитени тизимида замонавий шароитларни яратиш, йўловчиларга тезкор ва ишончли хизмат кўрсатиш борасида бир қатор ишлар йўлга қўйилган. Янги, ер усти метросининг ишга туширилгани, метро йўллари шаҳарнинг энг чекка ҳудудларигача етказилгани, бекатларда қулайликлар яратилаётгани пойтахт аҳолиси ва меҳмонларни мамнун қилмоқда.
Соҳадаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, метрополитен хизматларидан фойдаланаётган йўловчилар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида метрополитен орқали 155,6 миллион йўловчи ташилган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга ошган.
Бундан кўринадики, кенгайиб бораётган метрополитен хизматлари йўловчиларнинг ишончини оширмоқда, ундан фойдаланувчилар сонини кўпайтирмоқда. Ёзда салқин, қишда иссиқ, тез ва қулай бўлган метро хизмати пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолига янада кенг имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА